Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг 1314 йилдаги Франциск руҳонийларига берган ёрлиғи

Тарихий манбаларни варақлаб, ушбу сурат ва унинг остида Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг Франциск руҳонийларига эълон қилинган ёрлиғиа кўзим тушди. Уни таржима қилиб, тарихга қизиқувчилар учун тақдим этишни лозим кўрдим.
Абадий худонинг кучи ва улуғ илоҳий зотнинг тўлиқ ризолиги билан биз, Ўзбек, ушбу сўзларимизни тақдим этамиз:
Ушбу имтиёзга эга бўлган лотин руҳонийлари, ўз урф-одатларига кўра ўзларини “кичик ака-укалар” деб атайдилар; улар тинч ва хотиржам қалб билан юриб, Худога ибодат қилиб, баракот тарқатишлари учун бизга мурожаат қилганлар.
Бу имтиёз аввал бобокалонимиз Кулук томонидан берилган бўлиб, ундан сўнг катта акамиз, император ҳам уни тасдиқлаган эди. Биз ҳам бу имтиёзни ўша шартлар асосида янада тасдиқлаймиз.
Яъни: Исо Масиҳга ибодат қилувчи ушбу лотин руҳонийлар Худога ибодат қилиб, кўпчиликка насроний динини ўргатиб юришлари мумкин. Уларга ҳеч қандай зиён етказилмасин:
Армия рўйхати учун йўлга чиқадиган бирорта элчи улардан аскарларни аниқлаб, чақирмасин, юриш учун зарур воситаларини ёки бошқа бирор нарсасини олмасин.
Солиқ ва тўловлар учун масъул амалдорлар улардан ҳеч қандай тўлов ёки йиғим талаб қилмасин, мол-мулкига тегмасин.
Ҳеч ким уларни зўравонлик ёки тазйиққа учратмасин, черковларини бузмасин, уй ёки яшаш жойларини йўқ қилмасин.
Аксинча, улар черков ёки қўнғироқ қуриб, насроний динидаги одамлар билан иш юритсинлар, шу билан бирга: улар бизга яқиндан ёки узоқдан келганларининг ташрифи сабабини тушунтириб, ёзма ҳисобот тақдим этсинлар.
Уларни қандай марҳамат ва мурувват билан ҳимоя қилишимизни ўзимиз биламиз.
Бу имтиёз бари (йил) йилининг учинчи ойида, ойнинг тўртинчи куни, шафран қоғозида тақдим этилди.
Шоҳистахон Ўлжаева, тарихчи.