Оқдарёда шифокор, Пайариқда мактаб директори пора олаётганда ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимининг 30 ёшли ходими туманнинг Янгиобод маҳалласида яшовчи фуқарони тиббиёт бирлашмасига ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 700 AҚШ доллари миқдорида пул маблағларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Пайариқ туманидаги мактабларнинг бирида эса мактаб директори лавозимида ишловчи Ж.Ш. Бошқўрғон маҳалласида яшовчи фуқарони ушбу ўқув даргоҳининг психология фани ўқитувчиси сифатида ишга олиш эвазига 400 AҚШ доллари миқдорида пул маблағини талаб қилиб, аванс сифатида 900 минг сўм пулни олгани маълум бўлди. Қолган 3 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пулни олаётган вақтда далилий ашё билан ушланди.

Ҳозирда юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.