Оқдарёдаги мактабга вазирдан мактуб келди

Байрам арафасида Оқдарё туманидаги 8-умумтаълим мактаби 100 йиллигини нишонлади. Одатда шахсларнинг таваллуд санаси муносабати билан ўзига тегишли соҳанинг юқори идораларидан табрикномалар келади. Лекин бу гал Мактабгача ва мактаб таълим вазири ушбу мактабнинг Бир асрлик тўйи муносабати билан жамоага ўз табрик мактубини ва совғаларини жўнатди. 

Яқинда сана муносабати билан 8-мактабда ташкил этилган тадбирда ушбу таълим муассасасида ишлаган фахрий устозлар, туман, вилоят жамоатчилик вакиллари, республикамизнинг турли ҳудудларида меҳнат қилаётган битирувчилар иштирок этди. 

Қайсидир мактаб ўқувчиларининг билим даражаси, қайси бири эса спортдаги ютуқлари, яна бири ўқувчиларни касбга, ҳунарга йўналтиришда илғорлаб кетади. Шу кунларда ўзининг 100 ёшини муносиб нишонлаган Оқдарё туманидаги 8-умумтаълим мактаби қайсидир маънода мактаб аталмиш даргоҳнинг барча талабларини ўзида жо этган ва ўз қадриятларини асраб келаётган таълим муассасаси сифатида гавдаланади. Негаки, бир асрлик мактабнинг ўз қадриятлари бўлмаслиги мумкин эмас, албатта. Шу масканда ишлаб кетган устозларни йўқлаш, битирувчиларини сўраб туриш, ҳолидан хабардор бўлиш, билимли ўқувчини қўллаб-қувватлаш, ҳунарга жалб этиш, мактабнинг ободлигию, ҳар бир хасини қадрлаш бу ерда қарийб қадриятга айланган. Шунинг учун ҳам мактабнинг юз йиллиги билан боғлиқ анжуман айнан шу ерда ишлаб кетган устозларнинг ҳолидан хабар олиш ва уч авлод учрашувлар ташкил этишдан бошланди. 

Анжуман аввалида йиғилганларга ўқиб эшиттирилган, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова имзоси билан келган табрикномада ҳам бу қадриятлар тилга олинди. “Сизлар тарбиялаётган ёшлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида масъул вазифаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Улар орасида узоқ йиллардан эл хизматида самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи инсонларнинг кўплиги  шу мактаб ўқитувчиларининг заҳматли меҳнати самарасидир. Айниқса, битирувчилар орасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида узоқ йиллар фаолият кўрсатган профессор К.Мўминов, Самарқанд давлат университети жаҳон тарихи кафедраси мудири, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ш.Ҳамроқулова ва бошқа олимлар борлиги қувонарли. Таълим даргоҳида узоқ йиллар тарих ва ҳуқуқ фанидан дарс берган муаллима Раъно Арбобованинг меҳнатлари туфайли бугун у кишининг шогирдлари вилоятнинг турли ҳудудларида тарих фанидан дарс бериб, вилоят, республика миқёсида юқори натижаларни қўлга киритаётир”. 

- 624 ўринга мўлжалланган мактабимизда ҳозирда таълим олаётган 453 нафар ўқувчиларга 54 нафар фидойи ўқитувчилар таълим-тарбия беришмоқда, - дейди мактаб директори Сирожиддин Очилов. – Мактабимиздаги устоз-шогирд анъанаси ўқувчиларнинг яхши билим олишигагина эмас, балки, ишга келаётган ёш устозларнинг тажрибасини оширишда ҳам қўл келмоқда. 

Мактабимиз ўқувчиси Шоҳиста Холбоева биология фанидан ўтказиб келинаётган олимпиадаларнинг туман, вилоят босқичларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Қодир Раббимов бешта муҳим ташаббус доирасида ўтказилган республика танловида стол тенниси бўйича 1-ўринни эгаллади. Унинг бу натижаси туфайли мактабимизда 120 миллион сўмлик спорт иншооти бунёд этилди. Дилдора Рустамова эса спортнинг қўл жанги бўйича Осиё миқёсида мусобақаларда бир неча бор олтин камар соҳибасига айланди. 

Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 18 та фан тўгараги, 5 та спорт секцияси, 4 та касб тўгараклари фаолият олиб бормоқда.

- Отам узоқ йиллар давомида шу мактабда раҳбарлик қилган, - дейди Оқдарё туманидаги 46-умумтаълим мактаби раҳбари Мўътабар Нуриддинова. – Оилада ўн нафар фарзанд бўлсак, бугунги кунда олти нафаримиз ўқитувчилик касбини эгалладик. Оиламиздаги суҳбатлар доим таълим соҳасида бўлар, ўқувчиларнинг билими, тарбияси ҳақидаги фикрлар ёш пайтимизданоқ қулоғимизга сингиб борарди. Отамнинг нимадан норозиликларини кўз қарашларидан англардик. Ҳозир ҳам ўз йўлимизни топиб, неча ёшга кирган бўлишимизга қарамай, ота-онамнинг уйига бориб, у кишидан маслаҳат оламиз, қаерда хато қилаяпмиз, шуни англашга интиламиз.

Анжуман давомида мактабнинг бир гуруҳ фаол ўқитувчилари тақдирланди, фахрий устозлар эъзозланди, фаол битирувчилар ўз мактаби учун рағбат кўрсатишди. Бир сўз билан айтганда, асрлик таълим муассасининг илк давридан бошлаб, бугунгача бўлган фаолияти, устозлар, республикада натижага эришга битирувчилар билан боғлиқ барча маълумотлар жамланди ва намойиш этилди.   

Гулруҳ МЎМИНОВА.