Ўқитувчи мақола ёзиши шарт(ми?)
Таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишда ўқитувчи билими, юқори малака ва тажрибага эга бўлиши бирламчи аҳамият касб этади. Айни пайтда ўқитувчи ўз фанини пухта билишидан ташқари, фаолиятига ижодий ёндашиши, доимий изланиши ҳамда замонавий малака ва тажрибаларни ўрганиши, ўзлаштириши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари асосида таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўқитувчининг зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда. Айни пайтда ўртамиёна ҳаракат қилиб, ўз устида ишлаш нари турсин, фан, таълим йўналишидаги дарслик, китоб, мажмуа, газета ёки журнални варақлаб ҳам кўрмайдиган ўқитувчи ортда қолиши тайин. Шу билан бирга, сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишда озгина бўлса-да, ташаббус кўрсатмайдиган, бу борада ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилмайдиган педагог халқ таълими ходимларига қўйилаётган замонавий талабларга жавоб бермайди.
Дарҳақиқат, мавзуга тўхталсак: ўқитувчи мақола ёзиши шартми?
Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди.
Низомнинг 20-бандида белгилангандек, педагог, психолог ва кутубхона ходимларининг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар таълим-тарбиявий жараённинг амалга оширилиш сифати ва самарадорлигига, ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳиссаси учун 40 фоизгача миқдорда тўланади. Низомнинг 21-банди ҳамда 1-иловасида баҳолаш мезонлари ва устама миқдорлари белгиланган. Унга кўра, педагог-ходимнинг илмий-ижодий ишлари, жумладан, баҳоланаётган ўқув йилида оммавий ахборот воситалари, таълимга оид веб-сайтлардаги чиқишлари, илмий-методик журналлардаги ҳамда турли конференцияларда мақолалар, тезислар, концепциялар, истиқболли режалари билан қатнашиш орқали таълим-тарбия жараёнини янада яхшилашга оид ташаббуслари учун 15 балл берилади. Бунда туман миқёсида эълон қилинган камида 2 та ижодий иш учун 5 балл, вилоят миқёсида эълон қилинган камида 2 та ижодий иш учун 10 балл ва республика миқёсида эълон қилинган камида 1 та ижодий иш учун эса 15 балл ҳисобланади.
Бугунги кунда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим муассасаларида 56 минг нафардан ортиқ педагог-ходимлар фаолият олиб боради. Агар ўқитувчиларнинг устама ҳақ олиш учун оммавий ахборот воситалари орқали мақола эълон қилиш истаги бўлса бу борада қатор муаммоли масалалар келиб чиқади. Бу аввало, барча ўқитувчиларнинг юқори савияда, аниқроғи, таълим соҳасидаги бирор муаммога ечим бўлиб хизмат қиладиган таклиф ёки ташаббусни кўтариб чиқиш салоҳиятига эга эмаслиги билан боғлиқ.
Дарҳақиқат, айнан мана шундай ўткир мақола нафақат таълим соҳасидаги газета ва журналлардан, шунингдек, ижтимоий-сиёсий нашрлардан ҳам “ортмайди”. Кейинги муаммо ҳар қандай ўртамиёна ёндашув ёки оддий ахборотларни нашрларга олиб бориб, эълон қилишни сўраб, таҳририятларнинг “остонасини чуқур” қилишдан иборат. Афсуски, ўқитувчилар сонининг кўплиги ва шаҳар, туманларда, вилоятда ижтимоий-сиёсий нашрларнинг камлиги ўқитувчининг илмий-ижодий салоҳиятини кўрсатиш, яъни мақола эълон қилишидаги қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Қўлдош САИДОВ,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.