Ўқитувчи ва мураббийлар куни Самарқандда кенг нишонланмоқда

Байрам муносабати билан вилоят ҳокимлигида тантанали маросим ўтказилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов самарқандлик ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, уларнинг заҳматли меҳнатларини эътироф этди. 

– Ҳар биримиз қўлимизга қалам тутқазиб илк сабоқ берган тарбиячи ва муаллимларимиздан тортиб олий таълимда касб, мутахассислик ўргатган профессор-ўқитувчилар, ҳаётда ўз йўлимизни топишимиз учун қимматли маслаҳатларини аямаган устозларимиздан миннатдормиз, доим улар олдида қарздормиз, – деди Э.Турдимов. – Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан юртимиз таълим соҳасини ислоҳ қилиш жараёнида соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрнини ошириш, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчи ва мураббийлар қадр топган юртда таълим-тарбия сифати юқори бўлади, мактабнинг, таълим даргоҳларининг нуфузи ошади ва энг муҳими юксак интеллектуал салоҳиятли ёш авлод камол топади. Бугун юртимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланди. Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади, деган ҳаётбахш ғоя барча саъй-ҳаракатларимизнинг асоси бўлмоқда.

Тадбирда байрам арафасида Президентимиз фармонига кўра, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган самарқандлик ўқитувчи ва мураббийларга ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди. 

– Олтмиш йилдан буён спорт соҳасида меҳнат қилиб кам бўлмадим, – дейди жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Самарқанд филиали профессори, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Ҳамроқул Рофиев. – Вилоятимизда спортни ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлашга озми-кўпми ҳисса қўшдим ва ҳозир ҳам ёшларга ўз ҳаёт тажрибаларимни ўргатиб келяпман. Муҳими, спортга ошно бўлганим туфайли бугун – 85 ёшимда ҳам ўзимни бардам ва тетик ҳис қиламан. Устозлар байрами муносабати билан давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилганим, юксак давлат мукофотига лойиқ кўрилганим эса менга янги куч-шижоат бағишлади. 

Маросимда вилоятимиз таълим тизими илғорларидан яна бир гуруҳига “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ташаккурномаси ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

– Тўрт йилдан бери Самарқанд шаҳридаги Президент мактабида инглиз тилидан дарс бераман,  – дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Яйра Раҳимова. – Унгача лицей, мактабларда инглиз тили ўқитувчиси, малака ошириш институтида методист бўлиб ишладим. 2023 йилда Cambridge Assessment International Education томонидан ташкил қилинган малака ошириш курсларида қатнашиб, “Илғор ўқитувчи” сертификатини қўлга киритдим. Бугун вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари билан тақдирландим. Ўқитувчи учун ўз меҳнатининг қадрланиши бу катта бахт.

Вилоятимиз таълим соҳаси вакиллари пойтахтимизда ўтказилган байрам тадбирларида ҳам иштирок этди. 

Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида ўтказилган тадбирда Каттақўрғон туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Рустам Мирзаев “Халқ таълими фидойиси”, Нарпай тумани 22-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Дилбар Қобилова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан мукофотланди.

***

Самарқанд вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда ўз ҳаётини энг машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган профессионал таълим тизими ходимлари ва фахрийлари шарафланди. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган, ўзининг юқори касб маҳорати, ёрқин истеъдоди ва ижоди, ватанпарварлик фазилатлари билан эл-юрт ўртасида ҳурмат қозонган, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.