Ўқитувчиларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун (ЎРҚ-629-сон, 21.07.2020 йил) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекс 197(5)-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун:

- фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМнинг) 5 бараваридан 7 бараваригача (1 миллион 115 минг сўмдан 1 миллион 561 минг сўмгача);

- мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида (1 миллион 561 минг сўмдан 2 миллион 230 минг сўмгача) жарима қўлланилади.

Шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса:

- фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (1 миллион 561 минг сўмдан 2 миллион 230 минг сўмгача);

- мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида (2 миллион 230 минг сўмдан 3 миллион 345 минг сўмгача) жарима қўлланиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилганда таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий баённома тузмасдан, ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot телеграм каналида маълум қилинди.