Оқлов ҳукми ёки ажрим кимнингдир тақдири, бир оила, жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади
Афсуски, ижтимоий кайфиятга таъсир этувчи бу ҳолат йиллар давомида деярли эътиборсиз қолдирилди. Токи, масала юқори минбардан айтилмагунча, жиноят ишлари бир томонлама кўриб чиқилди.
Оқибатда “... фалон нарсада гумонланаётган экан, иши терговга ўтибди”, кимнингдир тақдирида шундай ҳолатни эшитганда, бирданига ачиниш билан ҳамдардлик билдиргансиз. Чунки аксарият ҳолларда терговга тортилган шахс борки, айби “бўйнига қўйилган” ва тегишлича жавобгарликка тортилган. Жуда кўп ҳолларда адолат юзага чиқиши, гумонланувчининг айбсизлиги исботланишига ишонилмаган...
Масала юқори минбардан айтилганди
Мустақиллик йилларида судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари жуда озчиликни ташкил қилган. Бу барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосани шубҳа остига қўяди.
Буни Давлатимиз раҳбари ҳали Ўзбекистон Президентлигига номзодлик вақтидаёқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2016 йил 19 октябрда бўлиб ўтган VIII съездидаги маърузасида таъкидлаб ўтганди.
Айтиш мумкинки, бу масала тадрижий давом этиб келмоқда. Хусусан, “Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”. Давлатимиз раҳбари иқтидорга киришган илк кунларида мамлакат суд тизими вакиллари, судьялар олдига ана шундай талабни қўйди.
2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган биринчи тарихий учрашувида сўзлаган нутқида суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад ўз ифоджасини топган.
Айнан шу йили декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам “Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим”, дея таъкидлаганди.
Ҳуқуқ асослар мустаҳкамланмоқда
Президентимизнинг сиёсий иродаси ўлароқ, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳими, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга устувор эътибор қаратилиши натижасида судлар мустақиллиги ва одил судлов соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди.
Мисол учун, судга аралашувларнинг олдини олиш учун судьяларнинг ваколат муддати узайтирилди, маоши кескин оширилди. Уларни лавозимга тайинлаш Судьялар олий кенгашига ўтказилди.
Бундан ташқари, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Бу иш бўйича барча ҳолатлар судда ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилиши натижасида оқлов ҳукмлари кўпайишига хизмат қилмоқда.
У оддий ҳужжат эмас
Вақтинча сақлаш ҳибсхонасими, жазони ижро этиш муассасаси бўладими – “курорт” эмас. Зотан, ҳеч қандай тазйиқларсиз ҳам тутқунликда бир кун, бир соатнинг ўтиши осон эмас.
Энди йиллаб маҳкумликка ҳукм қилинганларнинг рутубатини, ўй-кечинмаларини тасаввур қилиб кўраверинг. Лекин бундай тақдирга дуч бўлганлар ноқонуний қамалган, айби мақбул далиллар билан исботланмаган бўлса-чи? Маълумки, дастлабки терговда айблов илгари сурилган инсонлар ҳар доим ҳам айбдор эмас.
Ана шундай шахслар кейинги 5-6 йил давомида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислотҳотлар самарасини, унинг ёқимли эпкинларини ўз танасида ҳис қилмоқда.
Яна бир ҳолат
Айби далиллар билан исботланмаган бўлса-да, жиноий жавобгарликка тортилганлардан яна бири асли қашқадарёлик йигит А.С.
Гумонланувчи сифатида қамоққа олинганида у Самарқанд шаҳар кўп тармоқли оилавий болалар поликлиникасида шифокор бўлиб ишлаган.
Аниқланишича, мазкур иш бўйича судланган Б.Н. 2019 йил март ойи ўрталарида бир фуқаронинг фарзандини А.С. орқали СамДУнинг жисмоний тарбия факультетига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 26 февралдаги ҳукмига кўра, А.С. оқланган. Чунки унинг пора бериш ва фирибгарлик жиноятларига алоқаси бўлмаган. Айблов фақат оғзаки кўрсатмаларга асосланган, унинг айби далиллар билан исботланмаган.
Аслида бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси натижасида ноҳақ айбланган кўплаб фуқаролар яқинлашиб келаётган янги йилни оиласи бағрида, яқинлари даврасида ёруғ юз билан нишонлаш имконига эга бўлмоқда.
Сўнгсўз ўрнида
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттита устувор йўналишдаги 100 та устувор мақсадни ўзида мужассам этган бўлса, шундан суд ислоҳотлари билан боғлиқ бандлар бевосита иккинчи йўналиш доирасида белгиланган.
Демак, тизим фаолияти аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масала бўлгани учун судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш доимо такомиллашиб бораверади.
Бу эса суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка, шунингдек, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш имконини беради.
Толиб Бойзоқов,
Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари.