“Оққўюнли мухлислар девони” – Навоийнинг янги девоними?

Самарқанд давлат университетида буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий шеъриятининг ўз давридаги шарқона эътирофи” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан чоп этилаётган “Оққўюнли мухлислар девони” китоби ҳақида батафсил маълумот берилди.
– 2012 йилда филология фанлари доктори, профессор Афтондил Эркинов хорижда Навоийнинг янги девонини топди, – дейди Самарқанд давлат университети мустақил тадқиқотчиси Рустам Жабборов. – Мазкур девоннинг қўлёзма нусхаси 1471 йилда Оққўюнлилар салтанатида (1378–1502) кўчирилган бўлиб, ҳозирда Мисрдаги Қоҳира миллий кутубхонасида сақланади. Оққўюнлилар сулоласи Туркиянинг шарқий қисми, Арманистон, Озарбайжон, шимолий Ироқ ва Эрон ҳудудларида ҳукмронлик қилган ҳамда темурийлар билан яқин муносабатда бўлган. Бу девонга Оққўюнлилар салтанати ҳудудидаги Навоий шеърияти мухлислари томонидан тартиб берилган ва кўчирилганлиги сабабли шартли равишда “Оққўюнли мухлислар девони” деб аталди.
Ушбу девон Навоий шеърияти ихлосмандлари томонидан 1465-1466 йилларда тузилган “Илк девон”дан кейинги мухлислар девони сифатида навоийшунослик учун аҳамиятли бўлиб, Оққўюнлилар салтанатининг марказий шаҳарларидан бўлган Шерозда кўчирилган, деб тахмин қилинади.
“Оққўюнли мухлислар девони”га Навоийнинг 30 ёшгача ёзган шеърлари киритилган ва улар тили Оққўюнлилар салтанатида ёйилган ўғуз туркчасига бироз мослаштирилган. Қўлёзмани Оққўюнлилар саройи машҳур хаттоти, Анисий тахаллуси билан шеърлар ёзган Абдураҳим Хоразмий кўчирган.
Тадбирда китобни нашрга тайёрлаган филология фанлари доктори Афтондил Эркинов, масъул муҳаррир бўлган филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов, тадқиқотчи Рустам Жабборов девоннинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди.
Эътиборли жиҳати, мазкур тадбир Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди ва унда навоийшунос олимлар, университет ўқитувчи ва талабалари билан бирга Миллий гвардия хизматчилари ҳам иштирок этди.