Ота-оналарга мурожаат: Ўқишга киритиб қўйишни ваъда берувчи фирибгарларнинг алдовига учманг!
Ҳурматли ота-оналар!
Фарзандингиз олий таълим муассасаси талабаси бўлиш арафасида турган шу кунларда ўғил-қизингизни ўқишга киритиб қўйишга ваъда берувчи фирибгарларнинг алдовига учманг!
Яшириб нима қилдик, шу кунларда ўқишга киритиб қўйиш учун пора сўровчи “уддабуронлар” фаоллашиб қолди. Улар сизнинг ишончингизга киришдан, алдаб пулингизни олишдан тоймайди. Аянчлиси, ҳали-ҳануз орамизда “тест ёки ижодий имтиҳони мавжуд йўналишларга пора эвазига ўқишга кирса бўлар экан” дея, чучварани хом санаб юрганлар ҳам топилади...
Самарқанд давлат университети маъмурияти қабул жараёнида шаффофликни таъминлаш, пора ёки таниш-билиш орқали ўқишга киришга барҳам бериш мақсадида қатор тадбирларни амалга оширди ва оширмоқда:
Биринчидан, университетнинг бирорта профессор-ўқитувчиси ёки ходими ижодий имтиҳонда иштирок этмайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига кўра, имтиҳонлар республикамизнинг бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибидан тузилган махсус комиссия томонидан қабул қилинади.
Иккинчидан, кириш имтиҳонларида кенг жамоатчилик назорати кучайтирилади. “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари имтиҳонларда бевосита қатнашиб, мазкур жараёнларнинг адолат тамойиллари асосида ўтишини таъминлаб берадилар.
Учинчидан, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига имтиҳон жараёни тўлиқ видеокузатувга олинади. Видеоёзувлар сақлаб қўйилади.
Тўртинчидан, абитуриент имтиҳон ўтадиган жойга бир кунга келиб кетади, касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд бўлса, уни бир соатда топширади.
Мухтасар қилиб айтганда, фирибгарларнинг ва уларга ишониб ўқишга кирмоқчи бўлганларнинг йўли бутунлай тўсилади.
Муҳтарам ота-оналар!
Барчамиз биргаликда ёшларимиз келажаги – шу орқали жонажон юртимиз эртаси учун масъул эканлигимизни унутмайлик! Бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида коррупцияга қарши кескин кураш бормоқда. Қинғир йўллар билан ўқишга кирган талабадан келгусида яхши мутахассис чиқади, деб хомтама бўлманг. Пора олиш ҳам, пора бериш ҳам жиноят эканлигини унутманг. Жамиятни, давлатни ич-ичидан кемирувчи бу иллатга барҳам беришда Сиз ҳам онгли тарзда ўз ҳиссангизни қўшинг!
Самарқанд давлат университети маъмурияти.