Ўзбек қизлари коинотга нано сунъий йўлдошни учиради
Инновацион ривожланиш вазирлиги 2 ноябрь куни UNICEF, Tech4Impact ННТ ва вазирлик томонидан фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM - Science, Technology, Engineering and Mathematics) соҳаларига қизиқувчи қизлар учун UniSat халқаро таълим дастури расман ишга туширилганини маълум қилди.
Қизларнинг космик тадқиқотларга қизиқишини оширишга қаратилган ушбу дастур ЮНИCЕФнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ваколатхоналари томонидан қўллаб-қувватланади.
Вазирликда нано сунъий йўлдошларни лойиҳалаш ва йиғиш учун барча шарт-шароитга эга лаборатория мавжуд.
Дастур давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан танловдан ўтган 15-24 ёшли қизлар дастурлаш ва муҳандислик бўйича билимларини ошириш, шунингдек, жамоада ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш кўникмаларини яхшилаш имкониятларига эга бўладилар.
Ўқув дастурининг якуний босқичида нано сунъий йўлдошни йиғиш учун учта республикадан қизлар Олма-отадаги Ал-Фаробий номли институтда йиғиладилар.
Нано сунъий йўлдошни Ўзбекистонда учириш 2022 йил 12 апрелга режалаштирилган. Қизларнинг ўзлари парвоз режасини тузиб, аэронавигация хизмати мутахассислари назорати остида нано сунъий йўлдошни Ўзбекистондан учирадилар.