ЁПИҚ мавзудаги ОЧИҚ гаплар
Ёхуд ўзини яширсанг, иситмаси ошкор қилаётган педофилия тўғрисида
Сурат – бир томонида очиқ-сочиқ кийинган жувон, иккинчи томонида қизалоқ. Устида ёзув: “Педофилмисиз ёки йўқ, аниқлаб олинг: сизда бу расмдаги қизларнинг қайси бирига нисбатан туйғу пайдо бўлди?”. Ижтимоий тармоқдаги ушбу пост мени қанчалик таажжубга солган бўлса, шунчалик ўйга толдирди. Наҳотки, бу жирканч иллат ҳақидаги тушунчамиз шунчалар саёз бўлса?! Шу қадар саёзки, унинг профилактикасини ҳам рекламага айлантириб юборяпмиз.
Худди шундай кайфият у билан боғлиқ жиноятлар муҳокамасида ҳам сезилади: тафсилотлар, исботланмаган айбловлар, куракда турмас гаплар. Тўғри, ҳар қандай ақли расо инсон норасида боланинг таҳқирланишини оғир қабул қилади, бу ишга қўл урган шахс энг олий жазога лойиқлиги масаласида ҳам тортишиш ниятим йўқ. Мени танганинг иккинчи томони қизиқтиради. Айтайлик, педофилия учун жазо чораларини оғирлаштириш орқали мақсадимизга эришамизми? Нега кейинги вақтда у ҳақдаги шумхабарлар ёмғирдан кейинги қўзиқорин сингари кўпайиб кетди? Унга қарши курашиш йўли борми?
Педофил ким?
Бу мавзу юзасидан берилиши мумкин бўлган энг мураккаб савол ҳисобланади. Сабаби, педофилия нималигини деярли барчамиз, юзаки бўлса-да, биламиз, бироқ педофил кимлигини билмас эканмиз. Халқаро тажриба педофилия жинояти билан қамалган одам аслида педофил бўлмаслиги ёки аксинча, педофилияга майли бор одам бутун умр намунали эр ва севимли ота бўлиб, жиноятга қўл урмасдан яшаши мумкинлигини кўрсатмоқда. Демак, барчасини муҳит ва тарбия белгилайди.
Мавзуга қўл уришдан олдин унга оид бир қанча мақола ва тадқиқотлар натижалари билан танишишимга тўғри келди. Уларни умумлаштириб айтишим мумкинки, педофилия, аввало, ижтимоий, ундан кейин психологик муаммо ҳисобланади. Шу боис педофилнинг алоҳида белгилари йўқ ва у сизу биз каби оддий ҳаёт кечиради, керак бўлса, ўз ички “шайтон”и билан курашиб яшайди. Шундай экан, ўзи ҳужумга ўтмагунча, душманнинг кимлигини билмаймиз. Уни излаш эса жамоатчилик орасида саросима уйғотишдан бошқа нарса бермайди. Қўлга тушган тақдирда ҳам унинг педофил ёки педофил эмаслигини фақат психиатр аниқлаши ва ташхис қўйиши мумкин. Ҳа, айнан ташхис қўйилади. Сабаби, педофилия – бу, аввало, касаллик. У касалликларнинг халқаро таснифига киритилган бўлиб, жинсий мойилликнинг бузилиши билан характерланади.
Болалар психологи Муаззам Иброҳимова мавзуга оид мақоласида педофилнинг “пайдо” бўлиши масаласига алоҳида тўхталган. Унга кўра, педофилияга мойиллик оилада оналарининг кучли “ҳукмрон”лиги остида руҳан эзилган, ғурури топталиб, вақтида “ўғил” болалигини исботлай олмаган, жинсий тажовузга учраган болаларда кўпроқ бўлади. Яъни, ўша манқуртларни ўзимиз “яратамиз”. Табиийки, бу тез бўладиган ҳодиса эмас, инсоннинг ёшлигида олган руҳий зарбаси йиллар давомида катталашиб, кучайиб боради. У дардини кимга айтишни билмайди. Атрофидагилар, жамият бу хабарни қабул қилишга тайёр эмас. Оқибатда у буни норма деб қабул қилади ва ўзи ҳам жиноятга қўл уради.
Муаммо ҳақида гапирмаслик унинг йўқлигини англатмайди
Бизда вазият қандай: жамиятимизда бу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашиш чоралари тўғрисида расмий маълумот берилганини кўрганим йўқ. Баъзиларнинг фикрича, айни мавзу ҳақида очиқ гапирилса, педофиллар сони кўпайиб кетармиш. Биз гапирмасак ҳам ижтимоий тармоқлар бор. Деярли ҳар ҳафта шунга оид янги жиноят тафсилотлари билан таъбимизни хира қилишни канда қилмаяпти. Бунда жим ўтириш, кўриб кўрмаганга олиш тўғрими? Тушунчасизлар “олов”ни қандай ўчиришни билмай туриб, устига “бензин” сепаётган бир вазиятда-я?
Мулоҳаза янги саволларни келтириб чиқараверади. Хўп, бу мавзуда гапириш маданиятимизга тўғри келмаса, муаммо билан кимдир шуғулланяптими? Мазкур саволга ҳам жавоб излаб кўрдим. Топганим фақат мактаблардаги психологлар бўлди. Айни кунда педофилияга қарши жангдаги “фронт”да энг биринчи мудофаа чизиғи уларга ишониб топширилган назаримда. Бунда психолог ўз ишига масъулият билан қараса, болалар тақдирига қайғурса яхши. Агар у мактабга фақат ойлик олиш ва гурунг қилиш учун келса, уларга муаммоси бор бола ҳам яқинлашмайди.
– Бугунги кунда мактабларимиздаги ҳар 500 нафар болага бир нафар психолог тўғри келади, - дейди Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими методист психологи Шаҳло Имомова. – Турли вазиятлар бўлади. Бу ҳақдаги статистика ошкор қилинмаса ҳам тажовузга учраётган болаларни кам дея олмаймиз. Бундай болалар гапиришга қўрқади, бўлган воқеа учун ўзини айбдор ҳис қилади. Уларни кайфияти, хулқидаги ўзгаришлардан фарқлаб оламиз. Бир муддат суҳбатлашганимиздан сўнг дардини айтади. Жуда кўп болаларни оғир вазиятда “қутқариб” қолганмиз. Шундай бўлса-да, улар кучли психологик тушкунликни бошидан ўтказади. Бу аввалига сезилмаса ҳам кейинчалик ўз таъсирини кўрсатиши аниқ. Шу боис улар психологларнинг доимий назоратида бўлишади.
Ш.Имомованинг таъкидлашича, юқоридаги ҳолатлар кўпинча ишлаш учун хорижга кетганларнинг фарзандлари билан содир бўлади. Бунда ота-она фарзандини яқин қариндошлари ёки танишларида қолдириши одатий ҳол. Аммо улар ҳар доим ҳам ишончни оқламайди. Ё ўзлари ҳирсини тия олмайди ёки тарбиядаги эътиборсизлиги сабабли болалар номақбул инсонлар даврасига қўшилиб қолади. Маълумки, пала-партиш жинсий ҳаёт кечирувчи, гиёҳванд, психотроп моддалар, спиртли ичимликлар таъсирида эс-ҳушини йўқотган одамлар ҳам ўзини бошқара олмай, “педофил”га айланиб қолиши мумкин. Хуллас, болани қаровсиз қолдириб бўлмайди. Уларнинг ота-онасиз ўсиши эса вазиятни янада оғирлаштиради.
Вазиятни оғирлаштириш ҳақида гап кетганда...
Психолог Ш.Имомова билан суҳбат чоғида шу нарса очиқландики, тажовузга учраган болалар бу ҳолат қайта такрорланишидан ҳам кўра унинг бошқаларга ошкор бўлишидан қўрқишади. “Сир”идан синфдошлари хабар топгач, ўз жонига қасд қилганлар ҳам бўлган экан. Шу боис бу вазиятда ўта эҳтиёткор бўлиш, биринчи ўринда боланинг жисмоний ва психологик саломатлигини ўйлаш керак.
Бизда эса шу кунларда барчаси тескарисига ишлаяпти. Педофилия ҳақида хабар топган “фаол” борки, уни бутун республикага эълон қилишга шошади. Видеоси бўлса-ку, сонияларда қўлма-қўл бўлиб кетади. Майли, ҳолатни энг ижобий жиҳатдан таърифлашга уринамиз - бу тўғридаги видео ёки ахборот педофилнинг муқаррар жазоланиши учун тарқатилди, дейлик. Унда жабрдийдани нега ўйламаймиз? Бутун элга танилган бола маҳалласига, мактабига қандай чиқади? Юзига “бижир-бижир” қўйсак, синфдошлари, кўчадошлари таниб олмайди деб ўйлайсизми? Шундай хабарлар тагидаги муҳокамаларни ўқинг, биз фақат кимнидир жазолашни истаймиз, жабрдийда, умуман, ёшлар билан деярли ишимиз йўқ.
Ҳамкасбимнинг тилидан: “Европача” тарбия кўрган дугонам бор. "Дом"ининг деразасидан қараб турса, мактабдан қайтаётган қизининг ортидан қандайдир эркак суқланиб келаётганини кўриб қолибди. Бақир-чақир қилиб, одамларнинг эътиборини тортгач, ўша одам қочиб кетган. Шундан кейин у қизини кўчага очиқ-сочиқ кийимда чиқармайдиган бўлди”. Бу воқеани бежиз келтирмадим. Ўқувчи-қизларимизнинг бугунги кийиниш маданияти, хулқини кўряпсизми? Шаҳар ҳудудида вазият янада ёмон. Улар мактабга билим олишга боряптими ёки?.. Хуллас, буёғи фаросат ва шарм-ҳаё масаласи. Ота-оналар бўлмаса, мактаблар маъмурияти, маҳаллалар томошабин бўлмаслиги керак. Вазиятни оғирлаштирмайлик!
Болаларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?
Биз мактабда ўқиган кезларимизда ёшларни катта ҳаётга тайёрловчи махсус фан бўлмаган. Ота-оналарнинг барчаси ҳам фарзанди билан бу мавзуда гаплашишга журъат топа олмайди. Оқибатда кўпчилик нима тўғри ва нима нотўғри эканлигини кеч, баъзан ўз бошидан ўтказганидан кейингина англайди.
Бугунги ёшлар жуда тез улғаймоқда ва уларнинг хатоси қимматга тушиши мумкин. Мактабларда эса ҳамон бу мавзуда гапирилмайди. Ота-оналар эса ўша-ўша, ўзи эшитмаган нарсани боласига қандай тушунтирсин.
– Ёшларни бу жиноят тузоғига тушиб қолишдан ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли уларнинг огоҳлигини оширишдир, - дейди Ш.Имомова. – Илгари мактабларда ёшларни оилага, жинсий ҳаётга тайёрловчи “Оила психологияси” фани ўтилган. Лекин негадир бу амалиёт тўхтатилди. Уни қайтариш ва даврга мослаш керак. Сабаби, ёшлар ҳар қандай ахборотни тўғри манбалардан олиши лозим.
Ҳозир мактабларимизда “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” фанларини ўзида бирлаштирган “Тарбия” фани ўтилмоқда. Дарсликларни кўрдим. Уларда ёшларни катта ҳаётга тайёрловчи мавзулар деярли йўқ. Хўп, агар фан сифатида кирита олмасак, махсус дарслар ташкил қилиш, уларда ёшларга нафақат жинсий ҳаёт, балки ўзига бўлаётган тажовузни фарқлаш, ундан ҳимояланиш, шундай вазиятда кимга мурожаат қилиш юзасидан тушунча берилиши давр талаби. Тарбиянинг бу муҳим жиҳатини ижтимоий тармоқларга топшириб қўйган эканмиз, муаммо кучайса кучаядики, асло камаймайди.
Болалар психологи М.Иброҳимова ҳам педофилия ҳақида рўйи рост гапириб, фарзандларимизни огоҳлантириш даври келди, деб ҳисоблайди. Шунингдек, у болаларга ҳаммага ҳам ишонавермаслик, хилват жойларда ёлғиз юрмасликни ўргатиш, агар хонадонда болалар бўлса, дуч келган одамни уйга етаклаб келмасликка чақиради. Машинада олиб қочилган мактаб ўқувчиси эсингиздами? Бахтли тасодиф туфайли омон қолганди у. Бу ҳолат қайтарилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Жамоатчилик фикрига қулоқ тутадиган бўлсак, педофилия жинояти учун оғирроқ жазо чорасини белгилаш ва унинг ижроси муқаррар эканлигини амалда кўрсатиш шаҳвоний тусдаги жиноятларнинг камайишига хизмат қилади. Бугун дунёнинг қатор давлатларида шундай амалиёт қўлланилмоқда.
Хуллас, ҳозирча шу. Бу мавзуда сўз айтишнинг ўзи оғир, айтмаслик эса ундан ҳам қийин. Нима бўлаётганини кўриб, билиб, жим ўтириш - бефарқликдан ёмони йўқ. Мақсадимиз сизни ҳам мулоҳазага чорлаш, масъулларга эса сигнал бериш. Ҳаракат қилиш вақти келди.
Асқар БАРОТОВ.