Ўзбекистон аэропортлари асосий йиғим ва тарифларни 27 фоизга пасайтирмоқда

2021 йил 15 апрелдан “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифларни пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Унга кўра, асосий йиғим ва тарифлар ўртача 27 фоизга пасайтирилиб, Ўзбекистон Республикаси аэропортларига мунтазам йўловчи рейсларини бажарадиган хорижий авиакомпаниялар учун қўлланилади.

Пасайтирилган йиғим ва тарифлар халқаро авиация маълумотномаларида эълон қилинди, бу билан ИКAОга аъзо бўлган 190 дан ортиқ мамлакат ва AIPдан фойдаланувчи барча авиакомпаниялар Ўзбекистон Республикаси аэропортларида қўлланиладиган тарифлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши учун имконият яратилди.

“Қабул қилинган қарор Ўзбекистон аэропортларининг рақобатбардошлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш ва ишлар самарадорлигини рағбатлантириш, аҳоли учун ҳаво транспортидаги ташишларни янада арзон қилиш учун замин яратади”, дейди “Uzbekistan Airports”АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати.