Ўзбекистон аҳолиси неча маротаба рўйхатга олинган?
Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган ва ўшанда аҳоли сони 3,9 миллион кишини ташкил қилган. Ушбу рўйхатга олишда ХIХ аср охирида мамлакатдаги оилалар, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнларни қамраб олган. Кейинчалик Ўзбекистон ҳудудида 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилган. Аммо мустақиллик йилларида республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилмаган.
Халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда мамлакатда аҳоли тўғрисида тўлиқ маълумот олиш учун Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматнинг тегишли ҳужжатларига асосан 2023 йилда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилади. Мазкур жараёнга тайёргарлик сифатида жорий йил ноябрь ойида Хўжаобод тумани (Андижон вилояти), Юқоричирчиқ тумани (Тошкент вилояти), Хива шаҳри (Хоразм вилояти) ва Яшнобод тумани (Тошкент шаҳри)да синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилади.
Тошкент шаҳрида БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш масалаларини ОАВда ёритиш бўйича журналист ва блогерлар учун ташкил этилган семинар-тренингда мазкур тадбирларнинг аҳамияти ва ўтказиш тартиблари тўғрисида маълумотлар берилди.
- Республикамизда 1926-1989 йилларни солиштирадиган бўлсак, бу даврда аҳоли деярли 4 баробарга кўпайган, - дейди Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Қобил Бердиқулов. – Лекин кейинги 32 йилдан буён бу тадбир ўтказилмади. Демак, аҳоли тўғрисида янги маълумотларни шакллантиришга эҳтиёж бор. Бу рўйхатга олиш тадбирларида доимий аҳоли сони, ижтимоий-демографик хусусиятлар, аҳолининг яшаш шароитлари, никоҳлар, миграция, таълим даражаси, тил билиш, бандлик, даромад манбалари каби ҳолатлар ҳам ўрганилади. Бу кенг кўламли тадбир бўлгани боис 2021 йил ноябрь ойида республиканинг 4 ҳудудида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилади ва республика аҳолисининг 1,8 фоизи тўғрисида аниқ маълумотлар шакллантирилади.
Маълумот учун, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига кўнгилли иштирокичилар ҳам жалб этилади ва иш ҳақи билан таъминланади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.