Ўзбекистон-Тожикистон: Қардош юрт тупроғига сафар
Сафаримиз металлурглар шаҳри, кўркам Бекобод шаҳридан бошланди. Бир китобсевар дўстимиз фарзандини уйлаётган эди. Тўй Бекободдаёқ ўзбегу тожик қардошлиги ва дўстлигининг байрамига айланиб кетди. Хўжанддан тўйга таклиф этилган санъаткорлар - Абдурауф Олимов, Рустамжон Олимов ва Бахтиёр Элмуродов ўзларининг дилбар куй-қўшиқлари билан қалбларимизни ром этди.
Икки давлат чегарасидан ўтишимиз билан "Табассум" оромгоҳида бизни хонанда Қодиржон Мирашуров ва ота-боболари олтиариқлик тадбиркор Хайрулла Қаюмов кутиб олди.
Х.Қаюмов Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорликда Қўйлиқда тикувчилик фабрикаси очган, ота юрти - Ўзбекистонни имкониятлар мамлакати деб билади. Фабрикада 100 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг 80 нафари кўзи ожиз опа-сингилларимиз.
– Икки қардош давлатлар президентлари олиб бораётган сулҳу амният, дўстлигу биродарлик сиёсати туфайли шундай фабрикани барпо этиб, ишга тушириш имкониятига эга бўлдик, – дейди тадбиркор. - Фабрикамиз цехларида аёллар учун турли моделларда замонавий жемперлар ишлаб чиқаряпмиз. Яқин кунларда Ўзбекистондаги барча маъданли сувларни бир жойда қадоқлаб, алькоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи заводни ишга туширамиз.
Меҳмонхонага жойлашгач, тунги, тарихий ва афсонавий Хўжандни сайр қилдик. Мустақиллик йилларида Хўжанд қалъасининг катта қисми тикланиб, муҳташам тарих музейи ташкил этилганини кўриб кўнглимиз яйради.
Марказий майдондаги Абулқосим Лоҳутий номидаги театр биноси қаршисида тикланган арк-дарвоза тарихнинг жонли гувоҳи бўлган неча минг йиллик шаҳар калитини қўлингизга тутади гўё. Хўжанд қалъасининг шундоққина ўнгирида устод Кама Хўжандийнинг уй-музейи ташкил этилган бўлиб, сизни олти юз йиллик ҳаёт тарзимизга элтади. Уй-музейининг кун ботиш тарафида улуғ шоир номидаги паркалля ойнаванд мақбарага олиб боради. Бу бетакрор меъморий ансамблда Табриздан, Кама Хўжандий қабридан келтирилган тупроқ қўйилган. Мақбарада улуғ аждодимизнинг покиза руҳига дуои фотиҳа қилиб, авлодлик вазифамизни бажардик.
Боғ-парк Сирдарёга (тарихда Хўжанд дарёси дейилган) параллел қурилгани боис салқин ва оромбахш. Дарё соҳилида кема шаклида қурилган истироҳат масканидан кўзингиз қувонади. Хўжанд арки этагидан тоққа олиб чиқувчи осма йўл сайёҳларнинг энг севимли маскани.
Хўжанд ва Ўратепада Бобурнинг болалиги ва салтанат учун кечган аянчли курашлари изи қолган. Бобур Мирзо сарсон-саргардон кезар экан, бу ўлкалар унинг тоғаси Султон Маҳмудхонга қараган.
Муҳаммад Хусайн Мирзонинг завжаси Хўб Нигорхоним Бобуршоҳнинг волидаси Қутлуғ Нигорхонимнинг синглиси бўлиб, улуғ шоҳ ва шоирнинг шогирди, "Тарихи Рашидий" асари муаллифи Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг онаси эди.
Бекободдан Хўжандга ўтиш манзилидаги Қўштегирмон қишлоғи "Бобурнома"да икки марта тилга олинади. Хўжанд ва Ўратепанинг теварак-атрофидаги аксар манзиллар ушбу тарихий китоб орқали бизга қадрдон...
“Хўжанд – Душанбе” автомобиль йўлига тушдик. Юксак қоя ва чўққилар бағрини ёриб қурилган 300 километрлик бу йўлни эронлик ҳамда хитойлик йўлсозлар барпо этган. Бир неча километрлик туннеллардан ўтар экансиз, уларнинг мардонавор меҳнатларига таҳсин ўқийсиз.
Хитойлик мутахассислар шу йўл қурилиши мобайнида Душанбедан Хўжандга катта қувватли электр тармоғини ҳам чўққилар узра тиклашганидан ҳайратга тушдик.
– Ҳаётимда хитойликлар каби меҳнаткаш халқни кўрмадим, – дейди ҳайдовчимиз. – Улар тик туриб тушлик қилади. Бизникилар ярим соат емак еб, ярим соат сигарет чекиб, ярим соат ҳангомалашгандан кейин ишга киришади. Уларнинг кеча-ю кундуз, йигирма тўрт соат тинмай ишлаганига гувоҳман. Меҳнаткашлик бобида улардан сабоқ олишимиз керак.
Баланд қорли тоғлар, барқут арчазор даралар, шарқироқ сойлар, чек-чегарасиз яйлов, ўтлоқлар - бу бебаҳо табиат бойликлари қардош, жондош, Тожикистонда яшовчи барча эл-элатларнинг миллий бойлиги.
Машинамиз тарихий Шаҳристон қасабаларидан ўтар экан, устоз ижодкор Пиримқул Қодировни хотирлаб у зот туғилган тупроққа таъзим бажо келтирдик. Айний тумани ҳудудида бир косадан қайнатма ичиб, дам олган жойимизда севимли санъаткор Жўрабек Муродов таваллуд топган.
– Мана шу тоғдан ошиб, тоғлар оша йигирма километр чамаси юрсангиз, мен учун қадрдон Ойқор тоққа етасиз, – изоҳ бераман йўлдошим, ёзувчи Набижон Ҳошимовга.
Тўрт тарафи қорли тоғлар, хушҳаво боғлар, зилол сувли дарёлар, шаффоф кўллар билан қуршалган гўзал Душанбе шаҳри бизни осмонўпар бинолари, ҳақиқий санъат асарига айланган муҳташам бинолари билан қаршилади.
– Мана бу жоме масжиди Қатар давлати билан ҳамкорликда қурилаётган Ўрта Осиёдаги энг катта масжид, – деб сўл тарафда олтмиш метрлик тўрт минораси кўкка бўй чўзган ибодат масканини кўрсатади ҳайдовчи. – Ўнг тарафдаги тепаликда эса халқимизнинг улуғлари макон топган.
Эрталабки илк ташрифимиз Тожикистон Ёзувчилари иттифоқига бўлади. Айни пайтда бу иттифоқни қирқ йиллик қардошим, Тожикистон халқ шоири, Рудакий номидаги Давлат мукофоти совриндори Низом Қосимбек бошқаради.
Узоқ йиллик соғинчдан сўнг Нозимжон билан қучоқлашиб кўришдик. У хонасига Тожикистон Ёзувчилари иттифоқи адабиёт жамғармаси раиси Асқар Абдуллоҳни чорлабди.
– Мен энг бахтли инсонман. Боиси, икки халқнинг фарзандиман. Онам – ўзбек, отам – тожик. Ўзбекистон ва Тожикистонда юз минглаб мен каби инсонлар бор. Бу қардошлик хеш-ақраболик ва меҳр-муҳаббатни асраб-авайламоқнинг йўли бир-биримизни севмоқ ва бошимизга кўтармоқ, – дейди Асқар Абдуллоҳ.
– Барча ўзбек биродарларимизни таниқли ёзувчимиз Ёқубжон Абдуманнон билан ҳар кўришганда эсга оламиз, – дейди Низомжон. – Ҳозир телефонда у киши билан боғлайман.
Ёқубжон Абдуманнон – Тожикистондаги ўзбек адибларининг етук вакилларидан бири. Тожикистон ҳукуматининг ўзбек тилида нашр этиладиган "Халқ овози" газетасининг бош муҳаррири, Тожикистон ўзбеклар жамиятининг фаолларидан.
Ёқубжон Абдуманноннинг "Сукунат ҳайқириғи" ва Искандар Маҳмадалиевнинг "Чекматош" ҳикоялар тўпламини мутолаа қилар эканман, бизда, ўртамиёна китобхон мослашиб қолган ва унинг китобхонлик савиясини туширадиган маиший насрдан узоқ тураётганликларини фалсафий битиклар ўнгга чиқаётганидан қувондим.
Уларда бизга ўхшаб бирор бир киши ёки гуруҳнинг симпатия ва антипатияси, хоҳишу истаги билан шоир ёки ёзарлардан сохта тарғибот ила нотабиий қаҳрамонлар ясамоқ одати йўқлиги ғоят табиий ва адолатли ҳолат.
Кейинги ўн йилликларда қардош Тожикистонда Жамшид Ҳасан Эрбоев, Эшмуҳаммад Донохонов, Абдулла Саид, Зуҳриддин Умаров, Гулчеҳра Муродалиева, Зулайҳо бону ва Равшан Шамс каби бир қатор тожик тили, қалами ўткир ижодкорлар етишиб чиққанини қайд этмоқ керак.
Ёзувчилар иттифоқидан чиқиб, "Халқ овози" таҳририяти томон йўл оламиз. Юксак бинонинг еттинчи қаватида жойлашган редакция қароргоҳида бутун жамоа бизни шоду хуррамлик билан қарши олди.
"Халқ овози" таҳририятида бўлиб, бир замонлар меҳнат қилганим - Бахмалнинг "Ғалаба байроғи" ва "Жиззах ҳақиқати" газеталарида туйганим беғубор ижодий муҳитни кўрдим. Душанбеда қолиб, шу жамоада ишлагим келди.
– Асли Қўрғонтепаданман, – дейди Низом Қосим. – Падари бузрукворимизнинг исмлари Жаҳонгир бўлган. Қўшнимиз, ўзбек дўстларининг отлари Тўйчибой бўлган. Улар ўғил фарзанд кўрсалар, бир-бирларининг исмларини қўйишга аҳд қилишган. Акам туғилганда унинг отини Тўйчибой қўйган. Тўйчибой ака эса тўнғич фарзандига отамнинг отларини қўйган. Дўстлигу қардошлик, биродарлигу меҳр-муҳаббатнинг бундан гўзал рамзи бўлиши мумкинми?
"Халқ овози" таҳририятида устоз публицист Абдулла Саидов ва асли ургутлик санъаткор, марҳум шоир Ўлмас Жамолнинг жияни Машрабхон Қаландаров ва қатор қардошларимиз билан танишдик, суҳбатлашдик.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўрта Осиёдаги тожик ва ўзбек туркчасида ижод қилган шоирлар орасида Ўлмас Жамол каби "Чор девон" тузиб, шеърлари бу қадар кўп куйланган ижодкор йўқ.
Шу ўринда, Гулрухсорнинг "Занони сабзбаҳор", Акбар Абдуллоҳнинг "Сўнгги япроқ" ва "Тирамоҳм сабз" китобларини қардош тожик адабиётининг бугунги кундаги муваффақияти дея баҳолаш мумкин.
Тожик халқининг улуғ ва шарафли фарзандлари қўним топган муқаддас манзил томон йўл олар эканмиз, қалбимизни мунгли ҳис-туйғулар қоплади. Бу табаррук тупроқда бир неча йил бурун суҳбатлашиб, меҳр-муҳаббатлашиб юрган Фотиҳ Ниёзий, Жалол Икромий, Мўмин Қаноат, Лойиқ Шерали, Бозор Собир, Фазлиддин Муҳаммадиев ва Калол Айний каби дўстларимиз қўним топган.
Зиёратимизни устоз Мирзо Турсунзода ва Бобожон Ғафуровлар хоки ётган тепаликдан бошладик. Тожикистоннинг марҳум бош раҳбари Жаббор Расулов, устоз Мирсаид Миршакар, академик Муҳаммад Осимий, Малика Собирова...
Садриддин Айний номидаги паркда бўлиб, устозни ҳам зиёрат қилдик. Яқинда устоз Рудакий таваллуди муносабати билан Панжакентга, сўнгра Самарқанд ва Бухорога келган дўстимиз Гулрухсор билан кўриша олмаган эдик. Унинг Ёзувчилар иттифоқи биносидаги суҳбатимиз мароқли кечди. Душанбе ва Тошкентда ижодий кечалар ўтказиш режасини туздик. Гулрухсор бу ҳақда Шерали Жўраев билан аҳдлашганини гапириб берди.
Ҳар сафар Самарқандда учрашсак буюкларимиз Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкалларини зиёрат қилиб, ўз эҳтиромимизни билдириб келардик. Эндиликда бундай маскан ва ҳайкал Душанбеда, Президент Эмомали Раҳмон фармони билан таъсис этилган Низомиддин Алишер Навоий номидаги муҳташам боғ-паркда қад кўтарибди.
“Тожикистон миллати, дини ва ирқидан қатъий назар унда яшовчи барча элу элатларнинг қутлуғи, тенг ҳуқуқли ватанидир. Кимки, бу хусусда миллатчиликка бориб, тўғри йўлдан оғса, қаршисида мени кўради”, дея бот-бот таъкидлайди Эмомали Раҳмон.
...Қардошимиз Ҳасанбой Қаюмов билан Ҳиндистонда 350 йил ҳукм сурган, Бобурийлар салтанатига асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётининг шонли кунларига гувоҳ бўлган Ҳисор кенти ва қадимий Ҳисор қалъаси томон бордик.
Қалъа арки ва Ҳисор қароргоҳи Бобуршоҳ замонасининг нураган пахса деворлари устига қурилган. Тарихий обидада Тожикистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан таъмир ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу тарихий макон бир неча минг йиллар бурун ҳам табиий қулайлиги, зилол сувлари, атрофини ўраган баланд тоғлари билан ном қозонган. Қўрғон ҳудудидаги амфитеатр юнонлар фатҳи ва Македонский даврига гувоҳ бўлса, археологлар ҳамон бу ерда будда ва оташпарастлик ибодатхоналарига дуч келмоқда.
Шаҳарчадаги тарих музейи ҳам диққатга сазовор. Музейнинг қадимий мадрасада жойлашганлиги унинг таъсирчанлигини янада оширган. Сайёҳлар завқ билан от ва туяларда кезишади. Ҳайратланарлиси, Ҳисор қўрғони атрофида минглаб бўлоқ бўлиб, деярли ҳар бир уйдан чашма оқиб чиқади.
Ҳисор қалъасининг соғинчли таассуротлари билан Турсунзода шаҳри томон юриб, икки мамлакат президентлари ташриф буюрган, давлатимиз раҳбари "Каптива" русумли автомашина ҳадя қилган "Боғи сомон" деҳқон хўжалигида бўлдик. Қисматни қарангки, ўша тарихий дамларнинг бош қаҳрамони, асли олтиариқлик боғбон Зокир ота ҳақнинг раҳматига қовушган экан. У кишини дуои фотиҳа билан ёд этдик.
Уста деҳқоннинг авлодлари ота ишини давом эттириб, 500 гектар майдонда энг сара навли узум етиштирмоқда.
Душанбедаги Миллат саройи, муҳташам маъмурий бинолар ва боғ-паркларни сайр қилиб, харид учун "Меҳргон" сарой бозорига кирдик. Бозор уч қаватли бўлиб, сарой шаклида қурилган, ўртаси очиқ. Бу ерда инсон жонидан бошқа ҳар неки, муҳайё...
Пойтахт, Хўжанд, Турсунзода, Ҳисор ва Хатлон - улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган.
Элимизда ғоят маъноли отасўз бор - “Эр қадрини эл билар. Қон-қардош бу икки халқнинг бугунги муносабатлари, ўзаро улуғ ва шарафли ишларга бош бўлаётгани моҳиятини англамоқ, унинг маҳобатини ҳис этмоқ учун ҳақиқий эл, элат, улус, халқ бўла билмоқ керак.
Зотан, устоз Алмаий айтганидек:
Яхшилик тухми саодатлар берур.
Гар тикон эксанг, оёғингга кирур.
...Тожикистон Ёзувчилари иттифоқи, "Халқ овози" газетаси таҳририяти, миллатидан қатъи назар учрашувларимиздаги суҳбату мулоқотларда Ўлмас Жамолнинг "Икки тилли бир халқ", Низом Қосимнинг "Умрбоқий дўстлик мадҳи", Аслиддин Зиёвуддиннинг "Дўстлик изҳори" шеърлари, уларда илгари сурилган умуминсоний ғоялар билан якун топди.
Абдуҳамид Исҳоқов,
меҳнат фахрийси, журналист.