Ўзбекистон ва Малайзия олий таълими соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Малайзиянинг Перак шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусида биринчи Ўзбекистон – Малайзия таълим форуми иш бошлади.
Форумда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети вакиллари Самарқанднинг туризм салоҳияти ва олийгоҳда хорижий ҳамда маҳаллий талабаларга яратилган шарт-шароитлар, туризм соҳасига малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги амалий ишларни тарғиб қилмоқда. Аҳамиятлиси, форум иштирокчиларининг университет фаолияти билан яқиндан танишиш ва унга бўлган қизиқиши ортмоқда.
Форум доирасида таълим ва илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилмоқда ҳамда икки давлат университетлари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланяпти. Бу борада Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Баҳодир Холиқов ҳамда Малайзиянинг Султон Идрис педагогика университети (Universiti Pendidikan Sultan Idris) ректори, профессор Дато Амин Бин Тафф жаноблари ўртасида халқаро ҳамкорлик келишувига эришилди.
Унга биноан эндиликда томонлар ўртасида хорижий тиллар ўқитувчилари алмашинуви, 2025-2026 йилдан талабалар алмашинуви дастурларини амалга ошириш ҳамда малайзиялик талабалар учун Самарқанд давлат чет тиллар институтида таълим ва саёҳат мазмунидаги ёзги мактаблар фаолияти ташкил этилади.