“ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИ” ДЕБ БОШЛАНАДИ...

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси Олимжон ҲАЙИТОВ билан суҳбат

- Олимжон ака, авваламбор, улуғ байрам билан табриклайман! Ватанимизнинг Асосий Қонуни юртимиз тараққиётига, порлоқ келажагига йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилаверсин!

- Раҳмат, айтганингиз келсин! Дарҳақиқат, Асосий Қонунимизни қанча ўргансак, шунча маъно топаверамиз. Бу унинг мукаммаллигидан дарак беради.

Энг муҳим жиҳатлардан бири шуки, Конституциямиз “Ўзбекистон халқи” деб бошланади. Бундай жумлалар бошқа бирор бир қонунда учрамайди. Шунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир.

Конституциямиз қабул қилинишдан олдин икки маротаба халқ муҳокамасига қўйилди, юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилган.

Бош Қомусимиз муқаддимасида мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш асосий мақсад эканлиги таъкидланган. Яъни, Конституциямизнинг асосий моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборат. Унда “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” каби давлатнинг мажбуриятлари мустаҳкамланган.

Асосий қонунимизда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7 марта, “халқ” сўзи 24 марта қўлланган.

Қайд этиш жоизки, ўтган 28 йил мобайнида Конституциямизнинг асосий принциплари, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс муносабатлари, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилишига оид нормалари ўзгармади. Ўтган давр мобайнида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, у ҳам мамлакатимизда конституциявий принцип бўлган халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишида фуқароларнинг бевосита ва билвосита таъсирини ошириш, парламентнинг давлат ички ва ташқи сиёсатидаги ролини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий ва одил судловнинг ўрнини янада мустаҳкамлашга оид тузатишлардир.

Қадимги Рим юристлари, қонун қисқа, лўнда бўлиши лозим, дейишган. Дунёда энг кўп ишлатилган сўз конституция Ҳиндистонга тегишли бўлиб, унда 146 минг 385 сўз ишлатилган. АҚШ конституциясида 7 минг 762, Франция конституциясида 10 минг 180 сўз ишлатилган. Ўзбекистон Конституциясида эса 7 минг 550 сўз қўлланилган.

Қадимдан ҳуқуқшуносликда “ҳуқуқ, қонун ҳушёр, огоҳ, ғайратли одамлар учун ёзилади, ғафлатда қолганлар учун эмас. Ким ҳуқуқларидан фойдаланмаса, кўрган зарари учун ўзи айбдор” деган қарашлар мавжуд.

Шундай экан, Конституциямиз ва қонунларимизда кафолатланган ҳуқуқлардан ҳар биримиз ўз ўрнида фойдалана олсак, ҳамиша, ҳар ерда ҳуқуқларимиз таъминланишига эришамиз.

- Одил судловни мустаҳкамлаш учун конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритилди, дедингиз. Демак, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарали бўлиши учун ҳаттоки конститицуяга ҳам ўзгартириш киритилади.

- Албатта. Чунки қонунчилик инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаши лозим. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини эса одил судловсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасига юклатилган. Шунинг учун ҳам судларнинг мустақил, холис ва адолатли фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Ўз ички тузилиши билан Ўзбекистон Конституцияси жаҳон конституциявий амалиётига тўла мос келади. Унинг асосий мантиқий йўналиши инсон - жамият - давлат манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Конституциямизда алоҳида XXII боб ажратилган бўлиб, бу боб “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” деб номланади. Ушбу бобда 11 модда, суд ҳокимиятига тааллуқли энг муҳим жиҳатларни қамраб олган.

Жумладан, судьялар мустақилдирлар, улар фақат қонунга бўйсунадилар, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади, деб қатъий белгилаб қўйилган.

Суд мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Айнан суд ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиши ҳамда адолатли қарор чиқариши орқали шахснинг бузилган ҳуқуқларини қонун йўли билан тиклайди. Судьялар чинакам эркин ва аралашувлардан холи бўлсагина, суднинг қонуний ҳимояси тўлиқ ва самарали амалга ошиши мумкин.

Ўтган давр мобайнида Конституциямиз нормалари мазмунига кўра, суднинг мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Яъни, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилди. Судларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этилди. Жумладан, жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатлари судлар зиммасидан соқит қилинди.

- Бу ўзгаришлар, ислоҳотлар ижроси осон эмас. Демак, кадрлар масаласи, билимли ва тажрибали судьяларга эҳтиёж ошади.

- Худди шундай. Кейинги йилларда суд тизимини малакали, етук кадрлар билан таъминлашда судьялик лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича замонавий демократик тамойилларга асосланган ҳуқуқий механизм яратилди, судьялик лавозимига номзодларнинг касб тайёргарлигига нисбатан малака талаблари кучайтирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу жиҳатнинг ўзи тарихий воқеа бўлди. Илгари судьялар фақат 5 йил муддатга тайинланар эди. Тажрибали судьялар ҳам турли сабаблар билан кейинги муддатга ўтолмай қолиши кўп учрарди. Эндиликда аввалига беш йил, кейин 10 йил муддатга тайинлаш, сўнгра умрбод тайинлаш тартиби жорий қилинди. Бу тартиб албатта ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Шу аснода судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари янада кучайтирилди.

Судьянинг мустақиллиги унинг ижтимоий таъминотига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугунги кунда судьяларнинг таъминоти, яъни ойлик маоши ҳам сезиларли даражада оширилмоқда.

Бинобарин, судьяларимиз ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар олдида масъулиятни чуқур англаган ҳолда холисона, халқпарвар бўлишлари, адолатли иш олиб боришлари, адолатли қарор чиқаришда аввало халқни, унинг ҳаёти ва дарду ташвишларини яхши англаб, уни қалбан ҳис қилиши лозим бўлади.

- Ниҳоясига етаётган 2020 йил ҳам судлар фаолияти учун тарихий ўзгаришларга бой бўлди. Соҳадаги энг янги ва муҳим ўзгаришлар ҳақида гапириб берсангиз.

- Ўзбекистоннинг ўрни тегишли халқаро рейтингларда пастлигича қолмоқда, бу эса суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат беради.

Хусусан, қонун устуворлиги индекси бўйича - 92 ўрин, шундан "Фуқаролик одил судлов" индикатори - 72, "Жиноий одил судлов" - 66 ўрин.

Жорий йилнинг 24 июль куни Президентимиз томонидан "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини ошириш ва судьялар мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон имзоланди.

Тарихий ҳужжат сифатида эътироф этилаётган мазкур фармонда суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар назарда тутилган бўлиб, улар инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг суд орқали ишончли ҳимоясини янада кучайтириш, суд тизимини илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштиришга кўмаклашади.

Фармон талабига кўра, 2021 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Биринчидан, ҳар бир вилоятда жиноий, фуқаролик ва иктисодий судларнинг алоҳида-алоҳида фаолият юритиши, бир-биридан мустақил иш кўриши фуқаролар ва тадбиркорларнинг у суддан-бу судга қатнайвериб, сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда. Бу турли норозиликларни келтириб чиқармоқда.

Иккинчидан, судларда ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда. Масалан, муайян қонун нормаси судлар томонидан турли хил талқин этилмоқда, бу ўз навбатида суд қарорлари сифатига таъсир қилмоқда, охир оқибат фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний муддатларда таъминлаш тамойили бузилмоқда.

Учинчидан, ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши халқаро стандартлар талабига ҳам жавоб бермайди. Хорижий давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади.

Эндиликда янги жорий этиладиган судлар тузилмасида битта раис ва унинг жиноят, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар бўйича қатъий ихтисослашган ўринбосарлари бўлади, бу судларнинг бошқарув тизимини такомиллаштиради, фуқароларнинг муаммоси шу вилоятнинг ўзида ҳал бўлиши таъминланади.

Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 нафардан 15 нафаргача судья фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 нафардан 47 нафаргача судья ишлайди. Мазкур бирлаштиришдан сўнг штатлар сони деярли уч баравар ошса, иш юкламалари ҳам тўғри тақсимланади, ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига олиб берилиши натижасида фуқароларнинг сарсонгарчиликларига барҳам берилади.

Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига "бир суд - бир инстанция" тамойилини жорий этиш, хусусан суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.

- Судлар фаолиятига ҳам замонавий ахборот-коммуникацияларни жорий этиш борасида янгиликлар бўляпти. Самараси сезиляптими?

- Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.

Судлов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этила бошлангани фуқароларнинг суд билан боғлиқ ишларини тез ва қулай, ортиқча сарсонгарчиликсиз амалга ошириш имконини бермоқда. Судлов фаолиятини янада такомиллаштириш ва унга замонавий ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий этиш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда Президентимизнинг "Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорда судда ишларни кўриб чиқиш жараёнида вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Ўз-ўзидан бундай тартибнинг амалда бўлиши кўрилаётган иш бўйича якуний қарор чиқариш учун кўпроқ муддат талаб этиб, судлар томонидан низоли вазиятларни тезроқ ҳал этиш ҳамда кўриб чиқиладиган ишлар ҳажмининг кўпайиб кетишининг олдини олишга тўсқинлик қилмоқда.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжат билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди. Хусусан, фуқаролар ва тадбиркорларга кенг имконият ва эркинлик яратиш учун уларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланилади, шу билан бирга судьялар ҳамжамияти фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида махсус ахборот дастурлари жорий этилади. Тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш ҳам белгиланган бўлиб, бу фуқароларнинг вақтини тежаб, қўшимча қулайлик яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

- Барча қонунларимиз асоси, бўлган Конституциямизнинг халқпарварлиги беқиёсдир. Ютуқларимизни айнан Конституциямиз билан боғласак ҳеч муболаға бўлмайди.

- Албатта. Конституциямиз биз учун бурч ва мажбуриятларимиз мажмуасигина эмас, балки, ҳаётимизни фаровон этиш, уни чинакам қонуний асосга қуриш, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни таъминлаш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини ўрнатиш манбаидир. Бу олижаноб мақсадларга эришиш учун барчамиз, аввало, Конституциямиз ва қонунларимизнинг туб моҳиятини англаб етишимиз ва уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида биргаликда қатъият билан курашмоғимиз лозим.

Йилдан-йилга ҳаётимизда Конституциямизга муносабат ўзгариб, унга ҳурматимиз ошиб бормоқда. Сабаби, барчамиз бир ҳақиқатни англаб, тушуниб бормоқдамиз - бугун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз турибди. Биз жамиятимизда чиндан ҳам адолат ва ҳақиқат ҳукмронлигини ўрнатмоқчи эканмиз юртимизда коррупция, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик каби унсур ва иллатлардан халос бўлишимиз шарт. Конституция ва қонунларимизга итоат этиш, қонун устуворлигини таъминлашимиз зарур.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош: Садриддин НАБИЕВ.