Ўзбекистонда мультииндикатор кластер кузатувлари бошланди. Бу бизга нима беради?
Ўзбекистонда БМТнинг Халқаро болалар жамғармаси (UNICEF) томонидан ишлаб чиқилган дастур бўйича 2021 йил 5 апрелдан 31- июлгача уй хўжаликлари билан сўровнома ўтказишга асосланган мультииндикатор кластер кузатувлари (MICS ) ўтказилиши белгиланган.
Бу дастур болалар ва аёллар ҳолатини баҳолаш мақсадида кўп кўрсаткичли маълумотларни йиғади, оналар ва болалар бўйича дунё миқёсидаги энг йирик статистик маълумотлар манбаси ҳам ҳисобланди.
Ўзбекистонда мультииндикатор кластер кузатувларини ўтказиш бўйича Давлат статистика қўмитаси ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Бунда қўмита ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда мультииндикатор кластер кузатувларини ўтказиши натижасида мамлакатда оналар ва болалар турмуш тарзига оид статистик маълумотларни янгилашга ва уларни халқаро маълумот базаларида акс эттиришга эришилади.
MICS кузатувини ўтказишда аҳолининг яшаш шароитлари, 15 дан 49 ёшгача аёллар билан ўтказилган сўровномалар, 5 ёшгача болалар тўғрисида оналари ёки васийларидан олинган аниқ маълумотлар, аҳоли турмуш даражаси, яшаш жойи (шаҳар ёки қишлоқ) ва жинси бўйича тўпланган барча маълумотларни мамлакатлар миқёсида халқаро даражада таққослаш имконини беради. Индикаторлардаги асосий кўрсаткичлар ўзгаришларини яхшироқ кузатиб бориш ҳамда болалар ва аёллар масалалари бўйича дастурларни қабул қилиш жараёнида, ҳукумат ва бошқа ҳамкор ташкилотларга янада самарали хизмат кўрсатиш имконини беради.
Кузатув жараёни Ўзбекистон бўйича танлаб олинган 726 маҳаллада жойлашган 14 520 та уй хўжалигида, жумладан, вилоятимиздаги 46 та маҳалла 920 та уй хўжалигида, жойларга чиқилиб респондентлар билан шахсан суҳбатлашиш орқали планшетларда электрон кўринишда йиғилади.
Вилоят статистикаси бошқармаси ахборот хизмати.