Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс нималарни билиши лозим?
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар ҳақида нималарни билиш лозим? Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали маълумот берди.
1. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат қандай иморат?
Қуйидагилар ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади:
- қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида;
- иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан;
- архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган кўчмас мулк.
2. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат қандай аниқланади?
Қуйидагиларни текшириш орқали:
- туман (шаҳар) ҳокимининг тегишли қарори мавжудлиги;
- уй-жой қуриши учун туман қурилиш бўлими билан келишилган лойиҳанинг мавжудлиги;
- шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилганлиги.
3. Иморатнинг ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланганда нима қилинади?
Иморатни қурган шахс 15 кун муддат ичида уни бузиб ташлаши шарт.
4. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс уни бузиб ташламаса нима бўлади?
Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тегишли комиссия ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисида ҳокимнинг даъво аризасини судга киритилишини таъминлайди.
5. Иморатни бузиш кимнинг ҳисобидан амалга оширилади?
Иморатни қурган шахс ҳисобидан.
6. Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларга қилинган сарф-харажатларни ким қоплайди?
Бундай сарф-харажатлар қопланмайди. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Ерни эгасига қайтариш қай тартибда амалга оширилади?
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Маълумот ўрнида:
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, фуқароларга 2 230 000 сўмдан 3 345 000 сўмгача, мансабдор шахсларга эса — 4 460 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.