Самарқандда ноқонуний қурилаётган иморат "срочно" сотувга қўйилди

Одамлар кимга ишониши керак: давлат хизматчилари ҳамда вакилларгами ёки уддабурон қурувчиларгами?

Хабарингиз бор, мазкур сайтда "Ёлғон устига қурилаётган иморат" номли мақола эълон қилинган эди.

Вилоят қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати бу мақолага "Ўзбошимчалик билан олиб борилаётган қурилиш тўхтатилди" деб жавоб берди.

Бу мавзуга учинчи бор қайтишимизга сабаб бор. Негаки, аҳоли томонидан қурилиш яна давом этаётгани, деразалар қўйилиб, усти ёпилаётгани ҳақида мурожаат бўлди.

Унда билдирилишича, можароли, неча бор "қурилиши тўхтатилди" деб маълумот берилган уй "срочно сотилади" деган эълонлар пайдо бўлган.

Самарқанд шаҳридан уй олиш истагида бўлган фуқароларимиз ушбу эълонлар орқали умид билан уй олишса, бу ноқонуний уй атрофидаги можаролар янада авж олмайдими? Муаммо янада чуқурлашиб кетмайдими?  Энди кимнинг жавобига ишониш керак?

Халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлида залворли ишлар амалга оширилиб, тоборо янги маъно ва мазмун касб этиб бораётган бугунги муҳим жараёнларда аҳоли мурожаатига, депутат сўровига шундай муносабатда бўлиш мумкинми?

Давлатимиз раҳбари "Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш -одамийликнинг энг олий мезонидир" деган гапларини шу элга дахлдор ҳар қандай киши ўзи учун хулоса чиқариб олиши керак.

Бадриддин Насриев,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.