Ўзбошимчалик билан олиб борилаётган қурилиш тўхтатилди
20 апрель куни zarnews.uz сайтида «Ёлғон устига қурилаётган иморат ёки депутат сўровига муносабат шуми?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақола юзасидан вилоят қурилиш бош бошқармасининг мутахассислари жойига чиққан ҳолда қурилиш ишларини ўрганди ва ўзбошимча қуриш ишларини тўхтатди.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 августдаги қарорига асосан “SHAXRUZ OBOD QURUVCHI” масъулияти чекланган жамиятига «Геологлар» маҳалласи Ибн Сино кўчаси 1,2 ва 6-уйга туташ ер майдонида давлат хусусий шериклик асосида икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносини қуришга рухсат берилган. Бинонинг биринчи қаватидан 140 квадрат метр қисмини маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси сифатида шаҳар ҳокимлиги балансига топшириш шарти билан 250 квадрат метр ер майдони ажратилган.
Қарорнинг 3-бандида корхонага қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва “Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши” билан келишиш вазифаси юклатилган.
Қарорнинг 6-бандида қурилиш корхонаси битим асосида ўз зиммасига олган мажбурият ва талабларни бажармаганда ёки қисман бажарилмаганда ушбу қарор ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши белгиланган. Шаҳар ҳокимининг ушбу қарори билан қурилишга рухсат берилган ер майдони доирасидан ортиқча майдонни эгаллаб олмаслиги ва қурилиш ишларини олиб бормаслиги ҳақида огоҳлантирилган.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг шу қарори асосида вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан 2021 йил 7 апрелда архитектура-режалаштириш топшириғи (АРТ) ишлаб чиқилган. Мазкур архитектура-режалаштириш топшириғи фақат лойиҳалаштириш ишларини амалга ошириш учун ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, қурилиш-монтаж ишларини бошлашга асос бўла олмаслиги кўрсатилган. Бироқ қурилиш корхонаси вилоят қурилиш бош бошқармасининг 2021 йил 9 апрелдаги огоҳлантириш хатини жамият раҳбари Ш.Азимов имзолаб олган бўлса-да, қурилишни давом эттирган. Мақолада эса жамият иш бошқарувчиси (прораб) огоҳлантиришдан бехабар эканлиги айтилган. Жамият қурувчилари вилоят қурилишда назорат инспекциясининг ҳам бир неча бор огоҳлантиришларига эътибор бермасдан қурилишни давом эттирган.
Яъни, “SHAXRUZ OBOD QURUVCHI” масъулияти чекланган жамияти шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 августдаги 553-Қ-сонли қарорининг 3-банди ижроси таъминланмаган. Яъни, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бормоқда. Шу боис, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 августдаги 553-Қ-сонли қарорининг 6-бандига асосан мазкур қарорни қайта кўриб чиқиш ҳамда олиб борилаётган қурилиш ишларига қонунда белгиланган тартибда тегишли чора кўришлик учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва Самарқанд шаҳар прокуратурасига юборилди.
Вилоят қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.