“Срочно” сотилаётган уй бўйича прокуратурага хат юборилди
6 май куни Zarnews.uz сайтида “Самарқандда ноқонуний қурилаётган иморат "срочно" сотувга қўйилди” сарлавҳали хабар эълон қилинди.
Унда муаллиф одамлар кимга ишониши керак, давлат хизматчилари ҳамда вакилларигами ёки уддабурон қурувчиларгами, деган саволни қўйган. Чунки Самарқанд шаҳри Геологлар маҳалласи Ибн Сино кўчасидаги мазкур қурилиш объекти бўйича аввал “Ёлғон устига қурилаётган иморат” ва "Ўзбошимчалик билан олиб борилаётган қурилиш тўхтатилди" сарлавҳали материаллар эълон қилинганди.
Мақолада келтирилган уйнинг “Срочно” сотувга қўйилиши ҳақида 2021 йил 10 мартда ижтимоий тармоқларда эълон жойлаштирилган. Шундан сўнг вилоят қурилиш бош бошқармаси мутахассислари жойига бориб ўрганиш ўтказган ва қурилишни тўхтатиш тўғрисида расман огоҳлантирган.
Вилоят қурилиш бош бошқармаси ваколат доирасида қурилиш корхонасига белгиланган тартиб асосида ва меъёрларга амал қилган ҳолда қурилиш ишларини олиб бориш тўғрисида хабар қилган. Аммо қурилиш корхонаси огоҳлантиришларга қарамасдан қурилиш ишларини давом эттирган.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 августдаги қарорида “SHAXRUZ OBOD QURUVCHI” МЧЖ корхонаси битим асосида ўз зиммасига олган мажбурият ва талабларни бажармаганда ёки қисман бажарилмаганда ушбу қарор ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши белгиланган. Шаҳар ҳокимининг ушбу қарори билан қурилишга рухсат берилган ер майдони доирасидан ортиқча майдонни эгаллаб олмаслиги ва қурилиш ишларини олиб бормаслиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган.
Бироқ шунга қарамасдан қурилишни давом эттираётган “SHAXRUZ OBOD QURUVCHI” масъулияти чекланган жамияти шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бормоқда. Шу боис, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 августдаги 553-Қ-сонли қарорининг 6-бандига асосан мазкур қарорни қайта кўриб чиқиш ҳамда олиб борилаётган қурилиш ишларига қонунда белгиланган тартибда тегишли чора кўришлик учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва Самарқанд шаҳар прокуратурасига юборилди.
Вилоят қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.