Уй-жой қурилишида ўзибўларчилик: бу йил топширилиши керак бўлган айрим уйларнинг ҳали ярми ҳам битмаган
2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан жорий йилда вилоят бўйича 11300 хонадонли 182 та кўпқаватли уйни фойдаланишга топшириш белгиланган.
Уй-жойларни топшириш муддатлари эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
Вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, уй-жойлар масаласи ўрганиб бошланган бир ойдан ортиқ вақт давомида атиги 1015 хонадонли 21 та уй фойдаланишга топширилиб, жами уйлар сони 37 тага (19 фоиз) етган.
Тойлоқ, Самарқанд, Каттақўрғон, Иштихон ва Қўшработ туманларида йил бошидан буён биронта ҳам уй фойдаланишга топширилмаган.
Режа бўйича “Янги Ўзбекистон” массивларида йилдан йилга ўтувчи 1468 хонадонли 37 та уй, жумладан, Булунғурда 20 та (431 хонадонли), Ургутда 17 та (1037 хонадонли) уйни июнь ойида фойдаланишга топшириш белгиланган бўлса-да, фақат Булунғурда 170 хонадонли 8 та уй топширилган, холос.
Паст Дарғом тумани “Эски Жума” маҳалласида "Piramida golden rich" МЧЖ томонидан қурилаётган 40 хонадонли уй қурилиш ишлари ҳанузгача қурилиш назорат инспексиясидан рўйхатдан ўтказилмаган. “Ипотека банк” АТБ томонидан Булунғур туманидаги қурувчи “Булунғур Товер” МЧЖга 12 миллиард сўм кредит ажратилмаган. Уй-жойлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаганлиги сабабли субсидия хабарномасини олган 1414 нафар фуқаро қурувчилар билан шартнома туза олмаган.
Дастур асосида қурилаётган уй-жойлар таҳлил қилинганда, кўп уйларда қурилиш ишлари жуда суст олиб борилаётганлиги, пудратчилар томонидан қурилиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланди.
Ургут тумани “Янги Ўзбекистон” массивида хусусан, “Раджабов Илҳом Асатиллаевич”, “Бухоро Иншоот Груп”, “Гринвей билд констракшн”, “Жавоҳир Навоий”, “Иншоот девелопмент Тим” МЧЖлар томонидан қурилаётган биттадан уйда ҳатто пойдевор ишлари якунланмаган, қурилиш ишлари 10-15 фоизни ташкил қилади. Аслида 2023 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган уй-жойлар 2024 йилда ҳам топширилмасдан қолмоқда.
Булунғур тумани “Янги Ўзбекистон” массивидаги “Булунғур Товер” МЧЖ томонидан қурилаётган 2 та уйда қурилиш ишлари 2-3 қават ғишт териш ҳолатида тўхтаб қолган. “Ипотека банк” томонидан кредит маблағлари ажратиб берилмаганлиги сабабли 3 та 100 хонадонли уйнинг қурилиш ишлари якунланмаган.
Каттақўрғон туманида Мирзо Улуғбек маҳалласида “Межик Спейc” МЧЖ томонидан қурилаётган 1 та 50 хонадонли уйнинг қурилиши суст олиб борилмоқда.
“Каттақўрғон махсус қурилиш” МЧЖ томонидан қурилаётган 20 хонадонли 1 та уйда 3-қаватда қурилиш ишлари тўхтаб қолган.
Пайариқ тумани Бунёдкор маҳалласида “Азамхон техно строй” МЧЖ томонидан қурилаётган 45 хонадонли уйнинг 5-қаватида ғишт териш ишлари якунланмаган, ишлар жуда суст олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими қўшимча ишчи гуруҳлар жалб этиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берди. Асосийси, сифат, белгиланган муддат ва нарх бўйича назорат ишларини олиб борилиши зарурлигини билдирди. Шунингдек, субсидия олган фуқаролар ва қурувчилар ўртасида шартномалар масаласини назоратга олиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.