Нима учун қурилиш соҳасида қонунбузарлик кўп?

Мазкур саволга Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Ҳамидов изоҳ берди:

«Бугунги кунда соҳадаги энг оғриқли нуқта ҳам шу — ноқонуний қурилишлар. Жуда авжига олган, десак ҳам муболаға бўлмайди. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор.

Шу йилнинг дастлабки олти ойида бошқармамиз ва ҳамкор ташкилотлар томонидан 844 та ноқонуний қурилишлар аниқланган. Шундан 188 таси ўрнатилган тартибда судга оширилган ёки жойида бартараф этилган. 623 таси бугунги кунда сўроқ остида турибди.

 Сабаблари ҳақида тўхталадиган бўлсак. Биласиз, ноқонуний қурилишларнинг асосий қисми Самарқанд шаҳрига тўғри келади. Самарқанд қурилиш соҳасида ўзига яраша мураккаб шаҳар ҳисобланади. Тарихийлиги, учта ҳудудга бўлинганлиги. Маданий мерос объектлари бор, бу жойларда архитектура композицияларини сақлаб қолиш бўйича назорат ўрнатилган».

Лазиз Ҳамидовга кўра, ноқонуний қурилишларнинг камаймаётганига сабаб уларга қарши қўлланилаётган чораларнинг нисбатан юмшоқлиги.

«Мисол келтираман: айтайлик ноқонуний қурилиш жараёни бошланди. Пойдевор қўйилди. Пойдевор қўйилиши жараёнида биз бордик, комиссия далолатнома расмийлаштирди. Ноқонуний қурилиш аниқланиб, жараён бошланди. Қурувчига кўрсатма берилади, белгиланган тартибда судга оширилади. Ана шу пойдеворни бузиш бўйича суднинг қарори чиққунга қадар бу объектнинг аллақачон томи ёпилган ҳолатда ва мулк ҳуқуқи вужудга келиб бўлади. Чунки шунча кўрсатмаларга қарамасдан қурилиш ишлари тўхтамайди. 

Жараённинг давоми сифатида айтишим мумкинки, суд ижрочиларига ижро варақаси келиб тушяпти, суд қарорида пойдеворни бузиб олиш масаласи кўрсатилган. Суд ижрочилари келганда эса бу ерда бино турибди. Суд қарори эса пойдеворга қаратилган...

Иккинчи масала эса жарималар қўлланилиши билан боғлиқ. Самарқанд шаҳрида, айниқса, кўп қаватли уйлар қурилиши билан боғлиқ ноқонуний қурилишлар аниқланган. Яқингача 60 дан ортиқ ноқонуний объектлар бор эди. Тўғри, уларнинг анчаси бартараф этилди ёки қонунга мувофиқлаштирилди.

Лекин, айтайлик, айрим ҳолларда биз ишни судга оширган вақтимизда ҳам юқорида айтилганидек, қурилиш ишлари бемалол давом этаверади. Тўхтатиш бўйича кўрсатма берилганда ҳам. Тегишли инспекция томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга оширилгандан кейин энг кам иш ҳақининг 70 бараваригача жарима қўллаш бўйича суд қарори қабул қилинади. Бу бугунги кунда 15 миллион сўм атрофида. Ўша бинонинг нархи эса 15 миллиард сўм!  Қиёслаб айтадиган бўлсак, қурувчимиз жаримани худди чўнтагидан тушликка пул тўлаётгандек тўлаяптию яна қурилишни давом эттиряпти.

Бу масала фақат Самарқанд вилояти ёки Самарқанд шаҳрига тегишли эмас, республика бўйича учраётган муаммо. Шу сабабдан ҳолат юзасидан Сенатга ва бошқа идораларга таклифлар юборилган.

Яна бир мисол келтираман. Мана, кўпчилигимиз автомобилда юрамиз. Радарни кўрсак, бир “бало”ни кўргандек қўрқамиз. Чунки жаримаси катта. Белгиланган қоидаларга амал қилишга ҳаракат қиламиз. Агар биз объектнинг категориясига қараб ноқонуний қурилишларга жарималар миқдорини оширадиган бўлсак, фикримча ноқонуний қурилишлар камаяди»,  дейди Лазиз Ҳамидов.