2024 йил Самарқандда ташаббусли бюджет учун 518 миллиард сўм ажратилган
Вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи Орзумурод Мардоновнинг маълум қилишича, инвестиция дастури доирасида жорий йилда 1,6 триллион сўмлик 259 та объектда қурилиш ишларини бажариш белгиланган.
Жумладан, 152 таси (869,8 миллиард сўм) ижтимоий соҳа, 70 таси (580,7 миллиард сўм) муҳандислик-коммуникация ва 37 таси (152,8 миллиард сўм) бошқа турдаги объектлар ҳисобланади. Объектларнинг 196 таси янгидан бошланувчи ва 63 таси йилдан-йилга ўтувчи қурилишлар сирасига киради.
Янгидан бошланувчи 196 та объектдан 189 тасининг пудратчиси анқланган, 896,1 миллиард сўм молиялаштирилган ҳамда 897,5 миллиард сўмлик иш бажарилган. Шунингдек, бугунга келиб 29 та объект фойдаланишга топширилган.
Ташаббусли бюджетнинг 1-босқичи доирасида 309,8 миллиард сўм маблағ эвазига 250 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш режалаштирилганди ва объектларнинг 243 тасида қурилиш бошланиб, 122,6 миллиард сўм молиялаштирилган ҳамда 63,3 миллиард сўмлик иш бажарилган. Бугунгача 9 та объект фойдаланишга топширилган. 2-босқичда 208,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 161 та лойиҳа ғолиб бўлган. Ҳозирда лойиҳачи ташкилотларни аниқлаш учун тендер савдоларига жойлаштирилмоқда.
- Махсус қарор асосида қабул қилинган дастурга асосан 116 миллиард сўм маблағ эвазига 83 та, шундан 28 та ичимлик суви, 16 та электр таъминоти, 16 та ички йўллар, 15 та ижтимоий соҳа ва 8 та газ таъминоти лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган, - дейди О.Мардонов. – Дастур доирасида бугунгача 73,5 миллиард сўм (63 фоиз) молиялаштирилди, 61,5 миллиард (53 фоиз) сўмлик иш бажарилди ҳамда 5 та объект фойдаланишга топширилди.
Кўп қаватли уй-жойлар ва “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича жорий йилда вилоят бўйича жами 182 та кўп қаватли уй-жойларни фойдаланишга топшириш белгиланган. Бугунга қадар 28 та уй-жой (15 фоиз) эгаларига топширилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида 77 та, шундан Булунғур туманида 30 та, Самарқанд шаҳрида 20 та, Ургут туманида 17 та ва Тойлоқ туманида 10 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Ҳозиргача Самарқанд шаҳрида 10 та ва Булунғур туманида 6 та уй-жой фойдаланишга топширилди.
Ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши бўйича мутахассислар томонидан назорат тадбирлар ҳам ўтказиб борилади. Шундай тадбирлар давомида 234,8 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Ушбу маблағларнинг 70,6 миллиард сўми лойиҳа-смета ҳужжати ишлаб чиқишдан, 114,9 миллиард сўм экспертизаларда ҳамда 49,2 миллиард сўми тендерда иқтисод қилинган. 100 ҳолатда сифатсиз бажарилган 2,4 миллиард сўм, 65 ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 6,8 миллиард сўмлик ишлар бартараф қилинган. 88 ҳолатда 1,4 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилишнинг олди олинган. Натижада 33 та тақдимнома киритилиб, 45 нафар масъул интизомий ва 240 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. 212 нафар шахс расман огоҳлантирилиб, 22 та (зарар миқдори 3,1 миллиард сўм) жиноят иши қўзғатилган.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.