Ноқонуний қурилишлар қачон барҳам топади?

Телеграм каналимизда “Самарқанд шаҳрида ноқонуний қурилишлар барҳам топдими?” деган савол билан сўровнома ўтказилган эди.

2045 киши овоз берган сўровномада иштирокчиларнинг 5 фоизи бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги ноқонуний қурилишлар тўлиқ тугаган, деб жавоб берган. 19 фоиз респондент “бор, лекин кескин камайган” деган бўлса, уларнинг 31 фоизи “Ноқонуний қурилишлар ҳали кўп”, деган жавобни белгилаган.

Бироқ минг нафарга яқин, яъни 45 фоиз сўралганларнинг фикри бошқаларникидан фарқ қилади. Улар “Бундай қурилишлар тугамайди” деган жавобда тўхталган.

Сўров юзасидан канал ўқувчилари қолдирган шарҳларни ўқисангиз, Самарқанд шаҳридан ташқари Паст Дарғом, Ургут, Нарпай, Жомбой туманларида ҳам ноқонуний қурилишлар давом этаётганини кўришингиз мумкин.

Вилоят қурилиш бош бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, бугунги кунда вилоятимизда шаҳарсозлик қоидаларига зид бўлган 746 та ноқонуний қурилиш бор. Биргина Самарқанд шаҳрида 167 та турли бино ва иморат ўзбошимчалик билан тикланмоқда. Шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими томонидан 101 та, ер тузиш ва кадастр бўлими мутахассислари томонидан 66 та ноқонуний уй-жой аниқланган. Шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил этилган ишчи комиссия томонидан йилнинг биринчи чорагида 158 та ноқонуний қурилиш учун турли чоралар кўрилган, 14 та ҳуқуқбузарлик жойида бартараф этилган.

- Вилоятимизда шаҳарсозлик анъаналарига зид, ноқонуний қурилаётган қурилишлар бор, - дейди вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Ҳамидов. – Жумладан, мутахассисларимиз томонидан Самарқанд туманида 150 та, Ургутда 80 та, Нурободда 73 та, Паст Дарғомда 48 та турли бино ва иншоотлар аниқланди. Ҳозирда ҳудудий комиссиялар томонидан вилоят бўйича 385 та ноқонуний қурилиш эгаларига огоҳлантириш хатлари берилиб, чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдимномалар киритилди. 94 та объектдаги камчиликлар жойида бартараф этилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2015 йил 26 февралдаги қарори асосида Рудакий ва Орзу кўчаларидаги фуқароларга тегишли турар ва нотураржой биноларини қонунда белгиланган тартибда кўчириш шарти билан рухсат берилган. Бироқ кейинчалик шаҳар ҳокими қарорига қўшимчалар киритилган ҳолда тураржой биноси қурилиши давом эттирилмоқда. Бугунги кунда мазкур қурилиш ишларида бир қатор камчилик ва нуқсонлар борлиги, қурувчилар томонидан ишлар сифатсиз олиб борилаётганлиги сабабли, ушбу бинодан уй сотиб олган фуқаролар ўз норозиликларини билдирмоқда.

Шаҳар ҳокимининг қарори билан фуқаро Г.Раҳматуллаевага тегишли, Маҳмуд Кошғарий кўчаси 29-уй биноларини меҳмонхона сифатида қайта қуришга рухсат берилган. Бироқ қурилиш ишлари лойиҳа ҳужжатларидан четга чиққанлиги, шаҳарсозлик талаблари бузилган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди.

Нарпай кўчасида 113, 115 ва 119-манзилларда жойлашган фуқароларга тегишли бино ва иншоотлар ўрнидан “Сельхозтехника” МЧЖ томонидан кўп қаватли тураржой биноси қурилишига рухсат берилган, бироқ қурилиш ишлари тугалланмасдан ҳамда ўрнатилган тартибда фойдаланишга қабул қилинмасдан фуқаролар кўчиб ўтиб яшамоқда.

Ноқонуний қурилишлар бўйича вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими томонидан огоҳлантириш хатлари берилиб, чора кўриш бўйича шаҳар ҳокимлиги ер комиссиясига тақдимномалар киритилмоқда.

Шаҳарсозлик талаблари ва қурилиш меъёрлари бажарилиши ҳамда сифат даражасини таъминлаш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига 2284 та қурилиш объектлари киритилди. Ушбу объектларга бириктирилган буюртмачи, лойиҳачи ва қурилиш назорати инспекциясининг инспекторлари планшетлар орқали GPSларга уланган. Мониторинглар ушбу тизим доирасида онлайн режимида амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида, текшириш жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Назаримизда, кўрилаётган чора-тадбирлар кутилган самарани бермаяпти. Маҳаллаларда ҳамон ноқонуний тарзда кўп қаватли уйлар қурилиши давом этмоқда.

Савол туғилади - бу қурилишларга ким рухсат беряпти? Лойиҳаларни қайси ташкилот тасдиқлаяпти? Ҳеч қандай рухсатсиз, ноқонуний қурилиш амалга оширилаётган бўлса, буни маҳалла раиси, профилактика инспекторлари билмайдими? Қурилиш назорат инспекциясининг онлайн мониторинглари-чи? Бу қачон ўз самарасини беради?

Бу каби саволларга вилоятдаги қурилишга масъул ташкилотлар ва мутасаддилар нима деб жавоб беришади? Кутамиз.

Дилмурод Тўхтаев.