O‘zLiDeP депутатлари электр таъминоти корхонасининг ахборотини қониқарсиз деб топди
Аҳолининг электр энергияси таъминотидаги муаммолар бўйича келиб тушаётган мурожаатлари инобатга олиниб, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти раҳбарининг ҳисоботини эшитиш масаласи режалаштирилди.
Аммо жамият раҳбари йиғилишга келамаганлиги сабабли ахборотни корхона раҳбарининг ўринбосари Суҳроб Мирзақулов ўқиб эшиттирди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги қарорига мувофиқ, 2020 йилда Самарқанд вилояти бўйича 997 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 441 та трансформатор пунткларини янгидан қуриш ва модернизация-реконструкция қилиш режалаштирилган.
- Бундан ташқари, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича 2767 километр масофада электр узатиш тармоқлари, 780 та трансформатор пунктлари ҳамда 8 та подстанциялардаги куч трансформаторларини мукаммал таъмирланиши керак, - деди С.Мирзақулов.
Йиғилишда бевосита “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва корхонанинг жойлардаги бўлимлари фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар кескин танқид қилинди.
Жумладан, Оқдарё туманидаги Галаравот қишлоғи аҳолиси бундан икки йил олдин сотиб олган трансформатор ускунасини ўрнатиш бўйича O‘zLiDeP Оқдарё тумани кенгаши депутатига 2018-2019 йиллар давомида “келгуси йил дастурга киритамиз”, деган жавоблар олинган бўлса-да, трансформатор ҳалигача ўрнатилмаган.
- Депутатлар томонидан жойларга бориб аҳоли билан учрашувлар ўтказилганда, тизим билан боғлиқ жуда кўп муаммолар кўтариляпти, - деди халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Мирзо Ихтиёров. -Муаммолар юзасидан депутатлик сўровларини юборсак аниқ жавоблар ўрнига, “келаси йил дастурга киритамиз”, “мутасадди ташкилотларга хат билан мурожаат қилдик” мазмунидаги жавоблар берилмоқда. Яна бир қатор сўровлар жавобсиз қолиб кетяпти.
Шунингдек, йиғилишда вилоятнинг айрим қишлоқ ва маҳаллаларидаги симёғочлар 1960-1972 йилларда ўрнатилганлиги, учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятида эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш масаласи кўтарилаётганлиги қайд этилди. Самарқанд тадбиркорлар юрти бўла туриб, махсус темир бетонли устунлар Қашқадарё вилоятидан келтирилаётганлиги депутатлар томонидан танқид қилинди.
Йиғилишда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари ўринбосари С.Мирзақуловнинг ахбороти қониқарсиз деб топилди.
Депутатлик гуруҳи томонидан Самарқанд вилояти электр тармоқлари корхонасига ҳудудларда электр таъминотини яхшилаш ва энергия тежовчи двигателлар ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилди.
Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши матбуот котиби.