Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOICA)да таҳсил олган ёшлар хорижда ишлайди

O'zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши томонидан Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOICA)да ёшлар учрашуви ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов иштирок этди.

Айни пайтда мазкур марказда туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан йўлланма асосида юборилган ишсиз ёшлар замонавий касбларга қайта ўқитилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, марказда ишсизларни ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли ва доимий иш ўрнига эга бўлмаган шахсларни ахборот технологиялари, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари, машинасозлик йўналишлари бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш белгиланган. Шу пайтгача 2 мингга яқин ёшлар мазкур йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўрганиб, хориж ва юртимизнинг турли ҳудудларидаги корхона, ташкилотларда меҳнат қилмоқда.

Тадбир давомида А.Ҳайитов марказ фаолияти билан яқиндан танишди, ёшлар билан суҳбатлашди. Марказ фаолиятини юқори баҳолаши ва бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини қайд этди.

Тадбир якунида бу ерда ёшларни O'zLiDeP аъзолигига жалб қилган ҳолда бошланғич партия ташкилоти очишга келишиб олинди.

O'zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши ахборот хизмати.