Етакчи партиялардан бири - O‘zLiDeP нега логотипини ўзгартирмоқчи?
Мамлакатимизда кейинги беш йилда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар сиёсий партиялардан ҳам фаолликни оширишни, ўз фаолиятини бугунги талаблар даражасида қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.
Шу боис O‘zLiDeP халқ билан бевосита мулоқот тамойилини ўз фаолиятига кенг жорий этмоқда. Бу тадбиркорлар, фермерлар ҳамда аҳолининг турли қатламлари билан амалга оширилаётган доимий учрашувлар, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаш ва ҳал қилишга қаратилган ҳаракатларда ўз аксини топмоқда.
Партия парламентдаги ўз фракцияси орқали мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларда ҳам мутлақо ўзгача ёндашувлар жорий этмоқда. Хусусан, депутатлар томонидан киритилган ташаббуслар сони ўтган чақириқнинг шу даврига нисбатан икки борабар ошди, уларнинг аксарияти айнан бугун аҳолини ўйлантираётган масалалар ечимига қаратилган.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари орқали жойларда қонунлар ва давлат дастурлари ижроси устидан назорат, сессияларга киритилаётган масалалар, депутатлик сўровлари сонининг ошганлигида ҳам фаолиятимизнинг кескин ўзгарганлигини исботлаб турибди. Мисол учун, 2015-2016 йил 6 ойи ҳамда 2020-2021 йил 6 ойи давомида эшитувлар сони 1600 дан 3100 тага, сессияга киритилган масалалар сони 700 тадан 1800 тага ва депутатлик сўровлари сони 6 мингдан 21 мингтага етди.
Бир сўз билан айтганда, партияни одамлар дардига яқин сиёсий тузилма сифатида ребрендинг қилиш борасида амалга оширилган ишлар бугунги кунга келиб O‘zLiDePга ишонч, унинг ғояларини қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бораётганида ўз аксини топмоқда.
Жумладан, кейинги уч йил ичида партия аъзолари сони 400 мингдан 1 миллионга, бошланғич партия ташкилотлари сони 13 минг 500 дан ошди. Шундай бир даврда O‘zLiDeP партия ребрендингида янги бир қадамни амалга оширишга киришмоқда. Албатта, партия ребрендинги, унинг ўзгараётганлиги тўғрисида гап кетганда нафақат ғоялар, фаолият, балки, асосий рамз (логотип)га тўхталмаслик мумкин эмас. Яъни, фаолиятдаги ўзгаришлар тимсол бўлган логотипда ҳам акс этиши зарур.
Кейинги уч ой давомида аҳоли билан учрашувлар, мулоқотларда ҳам ушбу масала юзасидан жамоатчиликнинг фикри ўрганилди. Натижалар шуни кўрсатдики, бугунги талаблар даражасига мос равишда ўзгариш O‘zLiDePнинг логотипида ҳам ўз аксини топиши керак. Бошқача айтганда, партиянинг янги логотипи O‘zLiDeP ислоҳотларнинг янги босқичида ўз олдига қўяётган улкан мақсадларни ўзида тўла акс эттира оладиган бўлиши зарур. Токи, бутун халқ ва халқаро жамоатчилик ушбу рамзда бугунги O‘zLiDeP ўз олдига қўйган мақсадлар аксини кўра олсин.
Масала атрофида бўлиб ўтган мунозаралардан кейин тегишли Ишчи гуруҳини шакллантириш тўғрисида фикрлар кўриб чиқилди. Ушбу масалани - логотип бўйича партия аъзолари ва аҳоли вакиллари фикрларини ўрганиш учун барча вилоятларда муҳокамаларни ташкил қилиш кўзда тутилди. Айни кунларда партия вилоят Кенгаши 1000 дан ортиқ партия ташкилотларидан фикр-мулоҳазаларни жамламоқда.
Масаланинг муҳимлиги ва аҳамиятидан келиб чиқиб, уни партия Сиёсий Кенгашининг кейинги мажлисида кўриб чиқиш режалаштирилган.
Илҳом Ботиров,
O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари.