Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) мутахассислари Самарқандга келди

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) мутахассисларидан иборат делегация Самарқандга келди.

Корея Республикаси Президентининг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида имзоланган «Қўшма баёноти»да кадрлар сиёсатида Президент ҳузиридаги Давлат бошқаруви академияси ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мунтазам ривожлантириб бориш масаласи киритилган. Шу асосда Давлат бошқаруви академияси КОIСА билан йирик грант лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Делегация аъзолари Президент ҳузиридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали фаолияти билан танишди ва мазкур йўналишда кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш истиқболлари мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, филиалда 2023-2024 ўқув йилида Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидан 927 нафар ўрта ва қуйи бўғин раҳбарлар ва давлат ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш бўйича таркибий тузилмалари бошкарув кадрлари учун малака ошириш курслари ташкил этилган бўлса, 2024-2025 ўқув йилида 800 нафардан зиёд раҳбар ва давлат хизматчиларининг малакасини ошириш режалаштирилган.

- Давлат бошқарувида кадрларни ўқитиш ва малакасинини оширишда замонавий технологиялардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, - дейди КОIСА бош қароргоҳи бошқармаси бошлиғи ўринбосари Чой Хе Жеонг. – Бунинг учун, аввало, ҳудудлар доирасида маълум бир ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва шунга мос шароит яратиш керак. Масалан, бизда кадрларни ўқитиш рақамлаштирилган бўлиб, замонавий платформалар, сунъий интеллект орқали онлайн курслар ташкил этилган. Бу борада тажрибамизни мамлакатингизда ҳам жорий қилиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, соҳадаги муаммо ва камчиликларга ечим топиш борасида мутахассислар билан фикр алмашдик.