KOICA гранти асосида ташкил этилган “Стартап ғоялар танлови”да СамИСИ ўқитувчиси ғолиб бўлди

Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари иштирокида «I ўқув қўлланмалар яратиш мусобақаси» ва «Стартап ғоялар танлови» бўлиб ўтди.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўртасида биринчи бор ўтказилаётган мусобақа барча қатнашувчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Ф.Мамарасулов ва КОICА’нинг Тошкентдаги офиси директори Сон Сунг Ил очиб берди.

Мусобақада ўқитувчилар автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ишлари техниги, ахборот технологиялари ва тўқимачилик йўналишларида беллашди. Берилган вақт ва мусобақа шартлари тугагач, ғолиблар ҳакамлар томонидан аниқланди.

КОICА’нинг Тошкентдаги офиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги номидан Гран-при ва 5 та биринчи ўрин соҳибаларига пул мукофотлари, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида KOICA гранти асосида ташкил этилган Самарқанд стартап инкубатор марказида стартап ғоялар танлови ўтказилди. Танловга ариза топширган 14 нафар стартап ғояларидан дастлабки танловдан ўтган 5 та ғоя тақдимоти ўтказилди. Номзодлар ҳакамлар томонидан баҳоланди ва марказ резидентлигига қабул қилинди.

1-ўрин Cамарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси Зафарали Бозоровга насиб этди. Стартап муаллифи бир йил муддатга офис билан бепул таъминланадиган бўлди. Унга қимматбаҳо совғалар берилди ва стартап хизматларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Шохрух ЖАЛИЛОВ.