Паст Дарғомда 44 ёшли фуқарони поезд уриб кетди. Бунинг айбдори ким?
Ижтимоий тармоқларда “Тошкент – Самарқанд – Бухоро” йўналишида қатновчи “Шарқ” йўловчи поездининг Жума темир йўл бекатида Паст Дарғом тумани Фурқат маҳалласида яшаган 1977 йилда туғилган С.С.ни поезд уриб кетганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Темир йўлни белгиланмаган жойидан ўтиш вақтида фуқаро ўз эҳтиётсизлиги туфайли бел, қўл ва оёқ қисмларидан тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Содир бўлган ушбу ҳодиса ва бу каби кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш мақсадида республика транспорт прокурори М.Хўжаев, ИИВ транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи Р.Тошпўлатов ҳамда тегишли мутасаддилар Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтган темир йўлларда йўловчилар ва поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида жамоатчилик билан йиғилиш ўтказди.
Унда юқоридаги ҳолат ҳамда ҳозирги кунда темир йўлларга тош бўлакларини қўйиш, вагон ойналарига тош отиш, темир йўл атрофида чорва молларини боқиш, белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, темир йўл жиҳозларига шикаст етказиш каби ҳуқуқбузарликлар ҳамда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар муҳокама қилинди.