Пайариқда қотиллик жиноятини содир этган ўқитувчиларга суд ҳукми ўқилди (видео)

Жиноят содир этган собиқ ўқитувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли, деб топилиб, ҳар бири 18 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Вилоят суди судьяси Т.Қодиров раислигида ўтказилган очиқ судда икки ўқитувчига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Эслатиб ўтамиз, тергов органи томонидан Пайариқ туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, туманнинг Накурт маҳалласида яшаган С.А. ҳамкасби, аммаваччаси Б.Х. билан қасддан одам ўлдирганликда айбланган.

Жиноят ишидаги ҳужжатларга кўра, мактаб ўқитувчиси вазифасида ишлаб келиб, ҳаётга қарши жиноятлар туркумига кирувчи - бир гуруҳ шахслар билан безорилик оқибатида ўта шафқатсизлик билан ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришда ифодаланган, таснифланишига кўра, ўта оғир жиноятларни қуйидаги усул, вақт ва ҳолатларда қасддан содир қилган.

Жумладан, С.А. 2019 йил 23 октябрь куни 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, яъни аммаваччаси Б.Х. билан ўзлари яшаб келаётган Пайариқ тумани, Накурт маҳалласи, Қўшилиш қишлоғида яшовчи Ш.Ч.нинг яшаш уйида бўлган тўй маросимида спиртли ичимлик истеъмол қилган.

Спиртли ичимлик таъсирида бўлган бу икковлон соат 18:00 да уйга қайтаётган вақтида қишлоқ ички йўли бўйлаб Қўшработ тумани, Қувкалла қишлоғида яшовчи, Пайариқ тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мудири С.У. билан келиб чиққан келишмовчилик оқибатида қасддан уни уриб ўлдирган.

Собиқ ўқитувчиларга нисбатан 2019 йил 24 октябрь куни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.