Поездни олиб қочиш мумкинми?
Бу каби уриниб кўришнинг ҳақиқий ҳолатлари бўлган.
Поездни ўғирлаш мумкин албатта, лекин унда узоққа боролмайсиз – саёҳатингиз ё камайтирилган тезлик, ёки темирйўл излари тугаган жой ёки икки қўшни станция орасидаги масофа ўртасида қувват диспетчери кучланишни ўчириб ташлаши биланоқ тугайди.
Ушбу мақолада поездларнинг машинистлар эмас, “кўча одамлари” томонидан ўғирлаб кетилишининг ҳақиқий ҳолатлари ҳақида айтиб берамиз.
Гапни Москванинг Лобня шаҳрида бўлиб ўтган воқеа билан бошласак. 2014 йил 21 октябрда номаълум шахс депо ҳудудига кириб, эски электр поездига чиқиб, уни ҳаракатга келтирган. Чамаси унинг поезд ҳайдашга тажрибаси йўқ эди, “унинг поезди” рельсда турган бошқа электропоездга бориб урилди. “Қароқчи” эса тўқнашувдан бир неча сония олдин поезддан сакраб тушишга муваффақ бўлди. Натижада поезд депо дарвозасидан ҳам чиқмади. Воқеа оқибатлари жуда қўрқинчли кўринса-да, ҳеч ким жабрланмади.
***
Яна бир болалик орзусини амалга оширмоқчи бўлган ғалати киши 44 ёшли Петрозаводск шаҳрида яшовчи Владимир Спиров юк поездида кондуктор бўлиб ишлаган. 2007 йилда у Карелия шаҳридаги Чална-Онежск станциясидаги локомотивни ўғирлаб кетган.
Поезд бошқариш қобилиятига эга бўлмаган Владимир кабинага ўтирди ва локомотивни ҳаракатга келтирди. Эҳтимол, у поездни кўпи билан 1 километрдан сал кўпроқ ҳайдашга муваффақ бўлгандир, бироқ саёҳат локомотив рельсдан чиқиб кетиб, боши берк кўчага кириб қолганда тугади. Судда Спиров бу унинг болаликдаги орзуси эканлигини айтди. Афтидан, судьянинг унга раҳми келдими, эркакка атиги 4 йил озодликдан шартли равишда чеклаш жазоси тайинланди.
***
Ҳаётда трамвайларни ҳам олиб қочиш ҳолатлари бўлган. 10 йил олдин Челябинск вилоятининг Златоуст шаҳрида 15 ёшли ўсмир ҳайдовчиси тушликка чиққан пайтда депо ҳудудида турган трамвайни опқочиб кетган.
Ўсмир трамвайни белгиланган маршрут бўйлаб ҳайдади ва қирқ дақиқа давомида ҳеч нарсадан хабари йўқ йўловчиларни олиб юрди. Уларга ҳатто чипта ҳам сотишга муваффақ бўлди. Бироқ, сергак полиция маршрутдаги барча трамвайларни текшириб, ўғирланган машинани топиб олди. Аниқланишича, болада ҳам трамвай ҳайдовчиси бўлиш орзуси бор экан. Гарчи бу юқорида келтирилган ўғирликлардан энг фойдалироғи бўлса-да, барибир жиноий иш очилди.
***
Украинанинг Львов шаҳрида 2013 йил март оқшомларининг бирида номаълум шахслар йўловчилари бор трамвайни олиб қочган пайтда поезд уй деворига бориб урилган. Яхшиямки, бу йўл-транспорт ҳодисасида ҳеч ким жабрланмади.
***
Украинада яна бир кулгили воқеа юз берди. 22 ёшли йигит Кривой Рог шаҳридан Мелитополь шаҳридаги севгилиси олдига иложи борича тезроқ бориши керак эди. У жадвалдаги поездни бир неча соат кутишни истамади ва дастлаб пиёда кетмоқчи бўлди, лекин бир неча юз километрлик йўл анча узоқ вақтини олишини англаб етди.
Шунда станцияда турган электровозга эътиборини қаратди. Йигит Мелитополда машинист ёрдамчиси бўлиб ишлагани боис, локомотивни осонгина ҳаракатга келтира олди. У ҳатто вокзал навбатчисини алдаб, бекатни тарк этишга рухсат олди. Бироқ 200 метрдан кейин у милиция томонидан қўлга олинди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.