Полиция Боливиянинг собиқ муваққат президентини терроризмда айблаб ҳибсга олди

Полиция Боливиянинг собиқ президенти Жанин Аньесни ҳибсга олди, деди ички ишлар вазири Эдуардо дель-Кастильо.

"Боливияликларга шуни маълум қиламанки, Жанин Аньес хоним ҳибсга олинган ва ҳозирда полиция қўлида", деб ёзади у Twitterда.

Аньес терроризмда, хиёнат ва фитнада айбланмоқда. Унинг ҳибсга олиниши тўғрисида ордер Боливия коррупцияга қарши кураш прокурори Омар Альсидес томонидан берилди.

Боливиядаги сиёсий инқироз 20 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларини сарҳисоб қилгандан сўнг бошланди. Ғалабани 14 йилдан буён президент бўлиб келаётган Эво Моралес қўлга киритган эди. Бу натижани унинг асосий рақиби, мухолифат томон номзоди Карлос Меса тан олмади.

Катта норозиликлар фонида Моралес янги сайловлар эълон қилди. Аммо бу вазиятни барқарорлаштирмади. Сиёсий инқироз авж олгач, давлат раҳбари билан бирга мамлакатнинг барча юқори раҳбарияти ҳам истеъфога чиқишди ва Мексикадан сиёсий бошпана топишди.

Боливияда ҳукуматни вақтинча мухолифат вакили, сенатнинг иккинчи вице-спикери Жанин Аньес эгаллаб олди. Конституциявий суд ваколатларни унга топшириш қонунийлигини тасдиқлади.