Нега зиёлилар ҳам террор гуруҳларга аъзо бўлиб қолади?
Яқинда телефон рақамларимизга «Террорчи Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар маърузалари суд томонидан тақиқланган бўлиб, уларни сақлаш, тарқатиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади» мазмунидаги хабарлар кела бошлади. Дейлик, ушбу маърузалар террорчи гуруҳлар аъзоларига мансублигини билмаган ҳолда телефонида сақлаган фуқароларга ҳам чора кўриладими? Умуман, террорчи гуруҳлар бу каби маърузалардан қай тартибда фойдаланади? Интернет орқали террорчи гуруҳлар одамларни қандай ёллаши мумкин? Нега улар орасига олий маълумотли кишилар ҳам тушиб қолади?
Бу каби саволларни кўпчилигимиз такрорлаймиз. Баъзида жавоб топамиз, баъзида йўқ. Аммо огоҳлик ҳаммасидан зарур бўлган бугунги кунда уларнинг жавобини билиш шарт ва зарур.
Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ташаббуси билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон журналистлари ва кўнгиллилар учун “Глобал фуқаролик тамойилларини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусида ўтказилган “Медиалаборатория-2021” халқаро тренингида шу каби саволларга жавоб топилди.
Халқаро экспертлар оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат ташкилотлар ходимларининг саволларига жавоб беришга улгурмай қолди, кези келганда. Гарчи, семинар уч кун давом этса-да, мавзулар кўлами ранг-баранглиги, бугуннинг долзарб нуқталаридан бири эканлиги учун ҳам сессия қизғин тус олди. Мавзулар экспертлар томонидан иштирокчиларга обдон етказилиши баробарида, таҳлил этилди, уни замонавий мультимедиа воситалари ёрдамида ёритиш масалалари амалий тарзда ўрганилди.
Германия Ташқи ишлар федерал вазирлиги, Халқ университетларининг немис ассоциациясининг мамлакатимиздаги филиали кўмагида ўтказилган тренингда глобал фуқаролик ғояларини илгари суришда ва мажбурий экстремизмнинг олдини олишда ёшлар ва ОАВнинг ҳудудий тармоқли алоқаларини мустаҳкамлаш, радикаллашув ғояларидан аҳолининг барқарорлигини ошириш ва жамиятда бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашга каратилган амалиётлар борасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, глобал фуқаролик ва мажбурий экстремизмнинг олдини олиш ғояларини илгари суриш бўйича масалаларни ОАВда ёритишда иштирокчилар дахлдорлигини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Қирғизистонлик Индира Асланова, қозоғистонлик Мирас Нурмуханбетов, тожикистонлик Қосим Бекмуҳамедов каби экспертлар бугун дунё миқёсида экстремизмга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикрларини билдирар экан, ҳар бир давлатнинг бу борада ўз стратегияси борлиги, ушбу чоралар давлатлар ўртасида умумий риштани, тинчликка таҳдид солувчи кучларга биргаликда кураш муштарак эканлигини таъкидлаб ўтишди.
- Кўпчилик ислом динидан яхши хабардор кишилар террорчи гуруҳлар сафига қўшилиб қолмайди, деган хаёлда бўлади, - дейди Ҳудудий таҳдидлар тадқиқоти маркази раҳбари Виктор Михайлов. – Аммо таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу гуруҳлар сафига аксинча, динни яхши биладиган одамлар кўпроқ тушиб қоляпти. Ёки, аксинча, умуман бехабарлик, ишсиз, ҳунари, касби йўқ инсонлар орасида ҳам тузоққа илинаётган инсонлар кўп. Шунингдек, кўпчилик интернет орқали гуруҳлар ўзига одам йиғади, деб ўйлашади. Бу ҳам хато фикр. Тўғри, интернетдан фойдаланишади. Биринчи навбатда, гўёки, бирор бир террорга алоқаси бўлмаган маърузалар, чорловлар ижтимоий тармоқларда оммалаштирилади. Мавжуд тузум, диний уламолардан норозилик оҳангидаги маърузалар орқали одамлар ишончига кириб, улар ўртасида обрў қозонишга интилиш бўлади. Уларнинг ҳар бир сўзига чиппа-чин қабул қилиш даражасига келган омма билан ишлаш кейинчалик уларга осон бўлади.
Ҳамон мигрантлар орасида гуруҳларга аъзо танлаш ҳолатлари кўп. Мигрантлар орасида ҳам касби, ҳунари йўқлар, қийналиб қолганлар бу гуруҳларга аъзо бўлиши осонроқ. Афсуски, олий маълумотли инсонлар орасида ҳам улар таъсирига тушиб қолаётганлар кўп. Ушбу гуруҳларнинг олий мақсад йўлидаги чақириқлари зиёли, ҳаётини ўзгартириш ҳақида ўйлаб юрган инсонларни жалб қилади. Афсуски, қандай йўл билан бўлмасин, террорчи гуруҳлар сафига тушиб қолаётган инсонлар жуда қисқа фурсатда бу йўлнинг охири чоҳ эканлигини англаб, пушаймон қилишади. Дарвоқе, террорчи гуруҳ аъзолари деб тан олинган кишиларнинг маърузаларини билмасдан сақлаш сизни жазодан олиб қололмайди.
Жамиятдаги радикал фикрларнинг тарқалмаслиги, глобал фуқаролик, бағрикенглик тамойилларини доимий тарзда ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларидан талаб этиладиган жиҳатлар хусусида маҳаллий ва қўшни давлатлар тренерлари томонидан қизиқарли, интерфаол усулдаги машғулотлар ўтказилди.
Уч кунлик семинар-тренинг сўнггида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатлари медиа-ташкилотлари ҳамкорлиги юзасидан меморандум имзоланди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.