Помидор сокли консервадан бир оила заҳарланди, икки киши вафот этди

Ургут туман Тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасига 2019 йил 22-февраль куни соат 22:10 дан 23-февраль куни соат 12:00 га қадар Ургут туман Ургут шаҳарчаси Катта Торинжак маҳалласидаги хонадонлардан бирида яшовчи 8 нафар фуқаро “Ботулизм” касаллиги ташхиси билан ётқизилган.

Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази хабарига кўра, ўтказилган дастлабки эпидемиологик текширув натижаларида аниқланишича, беморлар 2019 йил 21 февраль куни кечки соат 18:00 ларда ўз хонадонларида уй шароитида тайёрланган 3 литрли шиша идишдаги помидор сокли бодринг консервасини очиб, ош билан истеъмол қилишган.

Дастлаб, 2019 йил 22-февраль куни соат 22:10 да 2003 йилда туғилган бемор шифохонага олиб келинган, шифокор кўригидан ўтказилгандан сўнг, кўнгил айниш, ҳолсизлик, кўз олди хиралашуви, қовоқлар осилиши каби касаллик белгилари билан шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган, сўнгра қолган беморлар ҳам шифохонага олиб келинган.

Беморларга тегишли даволаш муолажалари ўтказилган, лабораторияда текшириш учун биоматериаллар олинган. Ўтказилган даволаш ишларига қарамасдан 2 нафар бемор (1949 йилда туғилган ва 2003 йилда туғилган) вафот этган. Қолган 6 нафар беморлар даволанмоқда.

Заҳарланиш келиб чиқишига хонадон эгалари томонидан тайёрланган, ботулизм қўзғатувчилари билан зарарланган помидор сокли бодринг консерваси сабаб бўлган.