Президентимизнинг ЭИЗга ташрифи тадбиркорларга куч берди

Ҳозирда эркин иқтисодий зонада 55 корхона ишга тушди. Ўтган йили бу корхоналарда 1 триллион 300 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Иқтисодий зонада 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган ва корхоналарда 220 турдаги, жумладан 110 турдаги импорт ўрнини босувчи электротехникалари, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 мартдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан яна ҳудудимиз кенгайди. Бу эса ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш имконини яратмоқда. Айни пайтда 30 та корхонада қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ташриф давомида давлатимиз раҳбарига 80 га яқин янги лойиҳа ҳақида маълумот бердик. Янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида яна 10 мингга яқин доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари “Ургут” эркин иқтисодий зонасига берилган имтиёзларни барча туман ва шаҳарларга қўллаш ҳамда ҳар бирига камида 50-100 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 200 гектар майдонда 1 миллиард долларлик қўшимча саноат лойиҳаларини амалга оширишни билдирди. Шунингдек, лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш учун "Лойиҳалар фабрикаси"нинг “Ургут офиси” ташкил қилишни таклиф қилди.
Жамшид Ҳайдаров,
“Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори.