Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қалай, тўй зўр бўлдими?

- Ҳа, қалайсиз, ошна? Эсон-омон чиқдингизми? - Тўйхонадан қулоғи шанғиллаб чиққан Соли бобо бошини чангаллаган Доли оқсоқолга пичинг қилди, - мириқиб гурунг қилдингизми?

- Вой, вой, бошим, ўриндиққа бироз ўтириб, ўзимга келиб олай, - деди Доли бобо унга жавобан афтини буриштириб. – Намунча карнайларини ванғиллатиб қўйишади-а, меҳмонлар кар эмас-ку.
Тўй миллий қадриятларимиздан. Тури ҳам кўпайиб боряпти: ақиқа, хатна, никоҳ, пайғамбар ёши, туғилган кун, юбилей, аскар тўй, диплом тўй... Бирортаси ўйин-кулгу, куй-қўшиқсиз ўтмайди. Бу халқимиз турмуш фаровонлиги, тўқчилик, яшаш маданияти юксалаётганидан далолат. Тўйлардан мақсад фақат эл олдига дастурхон ёзиб, зиёфат бериш эмас, тўй баҳона дўст-биродарлар, қавм-қариндош, аҳли маҳалла бир пиёла чой устида дийдорлашиб, мириқиб суҳбатлашишдир. Бироқ кейинги пайтларда тўйларда электрон овоз кучайтиргичлар шовқин-сурони асабга тегмоқда.

... Бир укамиз невараларининг тўйига таклиф қилди. Аввало, ҳурмати, қолаверса, анчадан буён кўришмаган дўсту қадрдонлар билан дийдорлашиш имконидан хурсанд бўлдик. Бордик. Аммо хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Тўйхонада овоз кучайтиргичларнинг шовқинига дош бериш қийин эди. Гумбурлаган товушдан тўйхона шифти кўчай дерди. Таклиф қилинган жойга жойлашгач, дуога қўл очиб, имо-ишора билан тўйчини қутлаган бўлдик. На гапингизни эшитади биров, на сиз бировнинг гапини эшитасиз. Бошингизга бир машина шағал тўкилгандек гусурлаган шовқиндан қулоқ пардангиз йиртилай дейди.

Аслида санъаткорлар (кечирасиз, отарчилар ) тўйни бузиши эмас, унга файз киритиши, меҳмонларга мазмунли тарбиявий аҳамиятга эга куй- қўшиқлар билан хушкайфият бағишлаши керак эмасми? Яна бир гап! Тўй-маросимларга маданий хизмат кўрсатадиган отарчилар (санъаткор дейишга тил бормайди)ни ким назорат қилади? Солиқ идораларими, маданият муассасаларими, ҳуқуқ-тартибот органларими?

Тоғаймурод Шомуродов.