Қирғиз Республикасининг давлат байроқлари туширилади
Президент Садир Жапаров имзолаган фармонга кўра, 2021 йил 1-2 май кунлари Қирғиз Республикасида миллий мотам кунлари деб эълон қилинди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, 29-30 апрель кунлари Боткент вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашув оқибатида кўплаб фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ва жароҳатлар мавжуд. Қуролли тўқнашув шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларга катта миқдордаги моддий зарар етказилишига олиб келган.
Шу сабабли 2021 йил 1 ва 2 май кунлари бутун республика бўйлаб, шунингдек, чет элдаги дипломатик ва консуллик идораларида Қирғиз Республикасининг давлат байроқлари туширилади. Телерадиокомпанияларга кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни намойишини тўхтатиш бўйича таклиф киритилди.
Шунингдек, фармонда Қирғизистон ҳукумати маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг ва жароҳат олганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун зарур чораларни кўриши айтиб ўтилган.
Қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар оқибатида Қирғизистоннинг 13 фуқароси ҳалок бўлган, 134 нафари жароҳат олган.