Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қонунчилик палатасида йиғилишлар ўтказмасликка қарор қилинди

Айни пайтда Ҳукумат томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Депутатлар ҳам ушбу саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда тадбирлар ўтказилишини вақтинча тўхтатди.

Қайд этиш керак, Қонунчилик палатасида иш тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, фаолият қизғин давом этяпти. Сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари, қўмиталар замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда мавжуд қонун лойиҳалари устида ишлаяпти. Қонун лойиҳаларидаги кўп масалалар телеграм канали орқали онлайн муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, долзарб қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда депутатлар чиқишлари мунтазам ташкил этиляпти.

Жорий йил 7 апрель куни Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати” ўтказилиши режалаштирилган эди. Қуйи палата Кенгашида ушбу йиғилишни ҳозирги кўрилаётган чора-тадбирлар инобатга олинган ҳолда, ўтказмасликка қарор қилинди.

Шу билан бирга, ҳар битта фракциядан депутат имзоси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига депутат сўрови жўнатилмоқда.

Айни пайтда қуйи палатага келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар асосида вазирликка саволлар йўлланяпти. Масалан, ҳозирги вақтда кўп жойларда, яъни меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш боласи бор ходимларга касаллик варақаси очилиши тартиби, уларни ўз ҳисобидан таътилга чиқариб юборишга йўл қўймаслик (айни пайтда бу ҳолат кузатилаётгани ачинарли), шунингдек, ёш болали аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани каби масалалар шулар жумласидан.

Депутатларнинг қайд этишича, фуқаролар ҳозирги шароитда зиён кўрмасликлари, аксинча, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари таъминланиши керак.