"Қорабайир отлари карвони" иштирокчилари тақдирланди

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда  йилқичиликни ривожлантириш, хусусан, кўп йиллардан буён  минтақада боқилаётган қорабайир отлари зотини кўпайтириш, халқимиз орасида отга, от спортига бўлган қизиқишни янада оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Жумладан, бундан 5 кун аввал Тошкент вилояти маркази - Нурафшон шаҳрига юртимизнинг машҳур чавандозлари зотдор отлари билан тўпланган эди. Ўша куни эрта тонгдан Президентимизнинг 2019 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Қорабайир отлар марафони”га старт берилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги “Қорабайир отчилик мажмуаси” ҳамда “АБС Оққўрғон кластер” пахтачилик кластери билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур марафонда 20 нафар чавандоз Капитал, Юлдуз, Карол, Лимон, Мираж, Наврўз, Оқсарой, Олмос, Садаф, Цангар, Тўриқ, Қалдирғоч, Мамлюк, Сапсан, Истанбул, Комиссар, Барон, Граф, Бургут ва Тўфон лақабли тулпорлари билан Тошкент вилоятидан Самарқандгача 330 километр масофани босиб ўтди ва бугун 7 декабрь куни Самарқанд шаҳрига кириб келди.

- 5-6 кун отда юриш чавандоздан мустаҳкам ирода, сабр-бардош талаб қилади, - дейди "Қорабайир отлари карвони" сардори Жаҳонгир Содиқов. -  Ўз навбатида отлар ҳам узоқ сафарга чидамли бўлиши ва ўз вақтида уларга дам берилиши керак. Шу боис карвон иштирокчиларининг йўл давомида кайфиятини кўтариш, уларга руҳ бағишлаш мақсадида бахшилар томонидан “Гўрўғли” ва “Алпомиш” достонларидан парчалар, уларнинг машҳур отлари Бойчибор ҳамда Ғиркўк ҳақида термалар ижро этилди ва марафон ўзига хос таассуротларга бой бўлди.

Чавандозлар Регистон майдонида тантанали кутиб олинди. Тадбирда Тошкент ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари масъуллари, мутасадди вазирлик ва бошқармалар, кенг жамоатчилик вакиллари, спортчилар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар улоқ чопиш миллий қадрият эканлиги, юртимизда от спортининг ривожланиб бораётгани, шунингдек от спорти мактаблари фаолиятининг йўлга қўйилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Анжуман давомида “Қорабайир отлари карвони”да белгиланган манзилга етиб келган чавандозлар ва уларга ҳамролик қилганлар, фахрий ёрлиқ, пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.