Қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрни қандай қопланади?

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартибига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси, вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси ходимлари қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси ўрнини қоплаш тартиби хусусида тўхталишди.

Хўш, ушбу жараёнда қандай сумма қайтарилади ва тартиби қандай?

Таъкидлаш лозимки, ортиқча тўланган солиқ суммаси, ҳисобга олинган сумманинг айланмадан ҳисобланган суммадан ошган қисми, 0 фоизли ставка қўллаш натижасида ҳосил бўлган сумма қайтарилади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 274-моддасига асосан солиқ тўловчи ўрни қопланиши лозим бўлган солиқ суммасини солиқ органларига солиқ суммасини қайтариш тўғрисида берилган аризага асосан қайтариш ҳуқуқига эга. Агар камерал солиқ текшируви натижаларига кўра, солиқ органи қайтариш учун аризада кўрсатилган солиқ суммасининг ўрнини тўлиқ ёки қисман қоплаш тўғрисида қарор қабул қилса, мазкур солиқ суммаси солиқ тўловчига солиқ суммасини қайтариш тўғрисида ариза берилган санадан эътиборан олтмиш кундан кечиктирмай қайтарилади. Солиқнинг ўрнини тезлаштирилган тартибда қоплашда солиқ тўловчи томонидан қайтариш учун аризада кўрсатилган солиқ суммасининг ўрни унга етти кун ичида тўлиқ ҳажмда қопланади.

– Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик субъектлари, жумладан, экспортчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш бўйича амалий кўникма беришдан иборатдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ходими Ўткир Бўтаев. – Тадбиркорлар ва корхоналар ҳисобчилари томонидан таклифлар берилди, тушунмовчилик ҳолатларни атрофлича муҳокама қилдик. Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар йўл қўяётган хатолар юзасидан тушунчалар ҳам бердик.

Семинарда тадбиркорлар ва корхоналар ҳисобчилари ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.

 

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.