Қўшработ ҳам маҳсулот экспорт қила бошлади
Халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг сессиясида аҳолига мурожаат қилган туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев 2019 йил 1 январь ҳолатида ҳудудда хорижий капитал иштирокида бирорта корхона мавжуд бўлмагани ҳолда, бугунга келиб 11 та қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатаётганини таъкидлади. Жорий йилнинг ўтган даврида бу корхоналар томонидан 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
– Лекин ҳали олдимизда етакчи тармоқ бўлган тоғ-кон саноатини ривожлантириш вазифаси турибди, – деди Ҳ.Оқбўтаев. – Хорижлик инвесторларга бу борадаги имкониятларимизни кўрсатиб бера олиш керак. Асосий драйверларимиздан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида узумчиликни бугунги кун талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришга эътибор қаратяпмиз. 2018 йилда собиқ совхозлар ҳисобидаги токзорлар 600 гектарни ташкил этарди, холос. Кейинги уч йилда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан экилган ток ва боғларимиз 5 минг гектардан ошди. 1225 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Келгуси йилда 90 га яқин фермер хўжаликларимиз томонидан сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда узумчилик йўлга қўйилади. 2021 йилнинг якунига бориб туманимизда узум майдонларини 10 минг гектарга етказишни режалаштирганмиз.
Шу пайтгача туманимиз аҳолиси эҳтиёжи учун сабзавотни бошқа туманлардан олиб келардик. Энди эса давлатимиз томонидан берилган имкониятлар натижасида деҳкон ва фермер хўжаликларимизда 4,5 мингдан ортиқ сув қудуқлари қазилиши, қўшни туман ва вилоятлардан деҳқонларни жалб қилиб, аҳолини ўргатишимиз натижасида бу маҳсулотларни ўзимизда етиштиряпмиз. Биргина картошкачилик бўйича жорий йилда илк маротаба четдан уруғ келтириб, 700 гектардан ортиқ майдонда картошка экилди ва яхши ҳосил олишга эришдик.
Бундан ташқари, четдан 10 минг бош қўй, эчкилар олиб келинди. 2021 йилда яна 6 бош чорва олиб келиб, фермерлар ва аҳолига тарқатамиз.
Туманни 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 280,6 миллиард сўмлик 174 та лойиҳа режалаштирилган. Шунингдек, 6,6 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилади.