Қўшработдаги 36 миллион долларлик ичимлик сув лойиҳаси қачон амалга ошади?
Маълумотларга кўра, кейинги чорак аср давомида юқори ташкилотларга “Қўшработ тумани аҳолисининг 78 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган” деган ҳисоботлар бериб борилган. 2017 йилда ўтказилган хатлов натижасида эса бу кўрсаткич атиги 16 фоизни ташкил этиши маълум бўлган.
Президентимизнинг 2018 йилда вилоятимизга қилган ташрифи чоғида туманда ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Халқаро молия институтлари - ОПЕК ҳамда Саудия Арабистони ривожлантириш фондларининг 36 миллион долларлик кредит маблағлари эвазига лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди. Бунинг натижасида 78 та қишлоқ аҳоли пунктида 56 та ичимлик суви иншооти, 883,8 километрлик тармоқлар тортиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган, бу ишлар 2021 йил 31 декабрга қадар якунланиши керак эди. Мана, белгиланган муддат келди. Хўш, туман аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ишлари якунига етдими? Қўшработликлар бу хайрли ишлардан мамнунми? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида туманда бўлдик.
Сувтида сув бўлмаганми?
Дастлаб туман ҳудудига кираверишдаги маҳаллалардан бирида жойлашган Сувти қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашдик.
- Бир пайтлар 1 километр узоқликдан, сойнинг сувидан ташиб ичардик, - дейди шу қишлоқда яшовчи Шарбат Ибрагимова. - Ҳар куни бир марта, эрта тонгда сув тиниқ оқаётган пайтда ташиб келардик. Сел келган пайтларда эса 2 километр узоқликда жойлашган қишлоқдаги қудуқлардан сув ташиб ичардик. Машинада, эшакларда, баъзида пиёда қийинчилик билан сув таширдик. Айримлар устимиздан куларди, Сувти қишлоғида сув йўқми, деб. Энди эса, мана, ҳар бир хонадонга тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Бир кунда 1-2 соат сув чиқиб турибди.
Истиқбол йўлларининг истиқболи нима бўлади?
Камардаги камчиликлар-чи?
Иккинчи манзилимиз Қўрғон маҳалласи Истиқбол қишлоғи бўлди. Бу ерликларнинг ҳам қувончи чексиз, аммо...
- Қишлоғимиз ичимлик сув билан таъминланаётгани яхши, - дейди Самад Нарзуллаев. - Лекин сув тармоғи тортилиб, йўлларимиз бузилиб қолди. Қолаверса, шу йўлдаги қувур уч марта ёрилиб, шунча марта таъмирланди. Барибир шу жойидан ҳалиям сув сизиб чиқяпти.
- Маҳалламизнинг Истиқбол қишлоғидаги шағал йўллар сув тармоғи тортилиши натижасида бузилди, - дейди маҳалла раиси Тошниёз Мардиев. - Қурилиш ташкилоти томонидан қайта текисланмади. Ҳашар йўли билан шағал тўшалган йўлларимизда тортилган қувурлар бир неча марта ёрилиб, йўл қайта-қайта бузиляпти. Камар қишлоғининг бир қисмига тармоқ тортилгани билан сув чиқмаяпти.
Хўрозқанд хорижники деса...
Ҳа, хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ёки чет элликларнинг хизмат кўрсатиши ҳақида гап кетганда, аксарият ҳолларда сифат жиҳатидан яхши, деб баҳолаймиз. Туманда ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш олдидан ўтказилган халқаро тендер танловда ғолиб бўлган ташкилотлар орасида Ўзбекистонникидан ташқари Хитой, Швейцария ва Озарбайжон қурилиш компаниялари ҳам бор. Қўрғон маҳалласидаги қурилиш ишлари хитойлик мутахассислар томонидан амалга ошириляпти.
- Биз шартномадаги ишларни бажариб бўлдик, - дейди хитойлик менежер Ҳу Бинг Бинг. – Қурғоқчилик сабаб ер ости суви сатҳи пасайиши оқибатида артезиан қудуқларимиздан етарли миқдорда сув чиқмади. Буюртмачи ташкилот билан келишувга асосан, қўшимча яна 2 та артезиан қудуғи қазиш ишларини олиб боряпмиз. Қурғоқчилик ва пандемия сабаб кечикиш бўляпти. 2022 йилнинг январ ойида чала қолган ишларимизни якунига етказамиз.
Соҳибкорга ҳам сув келди
Соҳибкор маҳалласи туман марказига яқин ҳудудда жойлашган, аммо шу пайтгача аҳолиси тоза ичимлик сув билан таъминланмаган эди. 2021 йилда муаммога ечим топилди, бироқ...
- Аҳолимиз тоза ичимлик сув билан таъминланганидан хурсанд, - дейди маҳалла раиси Шуҳрат Сайфуллаев. – Сув кеча-кундуз бериляпти, аммо айрим жойларда қувурлар ёрилиб, сув сизиб чиқиш ҳолатлари кузатилди. Мутахассислар келиб таъмирлаб кетишди, лекин бунинг учун кавланган жойлар қайта кўмилмади.
- Ҳовлимизда жўмракни бурасак сув чиқяпти, - дейди II гуруҳ ногирони Фарҳод Қаюмов. - Бу жоннинг роҳати экан. Бироқ кўп вақт ўтмасдан қувурлар ва ҳисоблагичлар сифатсиз эканлиги сезилиб қоляпти.
Ҳоким қурувчиларнинг ишидан норози
Маҳаллалар фаоллари ва аҳоли билан суҳбатларимиздан маълум бўлдики, лойиҳа доирасида бажарилган ишлар кўнгилдагидек ‘мас. Бу масалада туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаевдан изоҳ сўрадик.
- Туманимизнинг 7 ҳудудида 5 та қурилиш ташкилоти лойиҳа доирасидаги ишларни амалга оширмоқда, - дейди ҳоким. – Ўзимизнинг Сув тараққиёт қурилиш пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар анчагина сифатли, яхши. Аммо “ПМК-2” ва хорижий – Озарбайжон, Хитой ҳамда Швейцариянинг қурилиш компаниялари бажараётган ишлар суст ва сифатсиз. Биз лойиҳа билан танишганимизда қувур ётқизиш учун қазилган чуқурликларга эланган тупроқ тўкилиши керак эди. Қувур ётқизилгач, устидан яна шундай тупроқ билан кўмилиши лозим. Лекин бу ишлар кўнгилдагидек бажарилмаган. Бу бўйича вилоят ҳокимлигига, вилоят ҳокими орқали Сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмаяпти. Агар бу ишлар жиддий назоратга олинмаса, келажакда яна аҳолимизнинг қарийб 30 фоизи сув билан таъминланмасдан қолади.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.