Қўшработда тадбиркорлар банкдан кредит ололмаяпти(ми?)

Бугунги кунгача жами 125 та тадбиркорларнинг мурожаатлари рўйхатга олинган. Мурожаатларнинг 22 таси сайёр қабулларда, 93 таси тадбиркорлар томонидан тўғридан-тўғри ва 3 таси ишонч телефони ҳамда 7 таси business.gov.uz сайти орқали келиб тушган.

Таҳлиларга кўра, мурожаатларнинг 96 тасида туман, 20 тасида вилоят, 9 тасида эса республика даражасидаги муаммолар бўйича амалий ёрдам сўралган.

Мурожаатлардан 123 таси (98,4 фоиз) ҳал этилишига эришилди.

Мисол учун, Заркент маҳалласидаги "CHARMITAN PLUS ZARMITAN" масъулияти чекланган жамияти томонидан “Миллий банк” вилоят филиалига 600 миллион сўм миқдорида кредит олиш мақсадида барча ҳужжатларини топширганлигига қарамай, июн ойидан буён сарсон бўлаётганлигидан норози бўлган. Масала батафсил ўрганилиб, тадбиркорга кредит маблағи ажратиб берилди.

Қайд қилинган маҳаллада яшовчи Дилрабо Сайфуллаева ва Махсуда Қорақулова қандолатчилик фаолиятини амалга ошириш учун кредит олиш мақсадида тўлиқ ҳужжатларини “Агробанк”нинг Қўшработ филиалига топширган. Банкнинг кафолат хатига асосан таъминотчи томонидан қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи печ берилган. Аммо кредит маблағлари ажратиб берилавермагач, иккала тадбиркор ва таъминотчи ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Мурожаатга асосан таъминотчи корхонага кредит маблағи ўтказиб берилиши таъминланди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, тадбиркорлар мурожаатларининг аксарият қисми банк кредити билан боғлиқ бўлмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида рўйхатга олинган мурожаатлардан айнан 53 таси шу масалада, 13 та мурожаат эса ер, кадастр, архитектура ва қурилиш ҳамда 59 таси бошқа масалаларда амалий ёрдам сўралган.

У.БОЙМОНОВ,

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Қўшработ тумани қабулхонаси мудири.