Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТҲга учради
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, бугун, 15 июнь куни Қозоғистон вақти билан соат 03:10 да Жамбил вилояти Жамбил туманидан ўтувчи "Олмаота-Тошкент" автомобиль йўлининг 545-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Қозоғистоннинг Қизил тан қишлоғидан 7 километр узоқликда трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинаси ёниши оқибатида автомобиль йўлида тирбандлик юзага келган. Соат 03:40 ларда "Олмаота-Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган. Тўқнашув оқибатида ушбу автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин содир бўлган автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Ҳозирда бу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Таъкидланишича, Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳолат юзасидан Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда.