“Қурилиш жараёнлари назоратга олинган”: Инспекция Самарқанд шаҳридаги қурилиш юзасидан мурожаатга муносабат билдирди
Аввалроқ Самарқанд шаҳар Хўжа Аҳрор Вали маҳалласи яшовчи фуқаро яшаш ҳудудидаги қурилиш талабларига риоя этилмасдан барпо этилаётган бино масаласида мурожаат этганди. Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мурожаат юзасидан муносабат билдирди.
“Самарқанд шаҳри Хўжа Ахрор Вали кўчаси 23-манзилда “Хуршеда тиббиёт ва ташхис” МЧЖ томонидан тиббиёт институти ва тиббиёт пункти қурилмоқда. Вилоят собиқ наркология диспансери биноси реконструкция қилиш ва қўшимча бино қуриш учун Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими томонидан МЧЖга 2019 йил 15 мартда рухсатнома берилган. Самарқанд вилояти қурилиш Бош бошқармаси томонидан 2019 йил 1 апрелда архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) ишлаб чиқилган.
«Арх-Дизайн» МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари вилоят қурилиш Бош бошқармаси ҳузуридаги “Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши”да кўриб чиқилган ва 2019 йил 20 сентябрь йиғилиш баёни билан маъқулланган. Шунингдек, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси“ ДУК томонидан йиғма экспертиза ижобий хулосалари олинган.
«Арх-Дизайн» МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан 4 қаватли мансардали қилиб лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва ижобий экспертиза хулосаси олинган. Жойида 4 қават мансардали қилиб қурилиш ишлари бажарилган.
“Хуршеда тиббиёт ва ташхис” МЧЖ томонидан қурилган 4 қаватли мансардали бино ва фуқароларнинг 1 қаватли турар-жой бинолари ўртасидаги масофа шаҳарсозлик норма қоидаларига мослиги, фуқароларнинг ҳовлиси МЧЖ биносининг қаватларидан яққол кўринмаслиги аниқланди.
2021 йил 20 октябрь ойида вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси қурилиш ишларини бошлаш тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилган.
Ушбу қурилиш объектига белгиланган тартибда амалдаги қунунларга асосан шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилгач объектда қурилиш реконструкция ишлари олиб борилган. Қурилиш ишлари амалга оширилиши вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда назоратга олинган”, дейилади вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси муносабатида.