“Қувноқлар ва зукколар”да ОТМдан ташқари давлат ва жамоат ташкилотлари жамоалари беллашди

Жорий йилнинг 12-14 декабрь кунлари Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасалари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви бўлиб ўтди.
Унда олий таълим муассасаларининг “Мароқандлик божалар” (СамДAҚИ), “Ўзбегим” (СамИСИ), “Мароқанд” (СамВМИ), “Илҳом” (СамДУ), “Турист” (“Ипак йўли” туризм халқаро университети), “Таржимон” (СамДЧТИ), “Aвиценна” (СамМИ) жамоалари беллашди.
Бу йилги янги лига ўйинларида олий таълим муассасалари жамоаларидан ташқари давлат ва жамоат ташкилотлари жамоалари - “Оптимал” (“My business” хусусий корхонаси), “Лочинлар” (ички ишлар бошқармаси), “Идеал” (ёшлар иттифоқи Нуробод тумани кенгаши), “Тоғ йўлбарслари” (Марказий ҳарбий округи), “Ёғду” (Имрон-арт МЧЖ) жамоалари ҳам иштирок этди.
Беллашувларда “Мароқандлик божалар”, “Ўзбегим”, “Оптимал”, “Лочинлар” жамоалари ўртасида юқори балл билан “Мароқандлик божалар” биринчи, “Ўзбегим” жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритиб, яримфинал ўйинларида бўладиган баҳсларга йўлланмани ўзларида сақлаб қолди.
“Мароқанд”, “Илҳом”, “Турист”, “Идеал” жамоалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувда “Мароқанд” ва “Илҳом” жамоалари юқори балл билан яримфинал ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Чорак финал беллашувларида “Таржимон”, “Aвиценна”, “Тоғ йўлбарслари” ҳамда “Ёғду” жамоалари ўзаро куч синашиб, “Таржимон” ва “Тоғ йўлбарслари” жамоалари кейинги ярим финал беллашувларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди.
Натижаларга кўра, Самарқанд марказий кулги лигасининг кейинги ярим финал баҳсларида 6 жамоа - “Мароқандлик Божалар”, “Ўзбегим”, “Мароқанд”, “Илҳом”, “Таржимон”, “Тоғ йўлбарслари” тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган бўлса, ҳакамлар ҳайъати томонидан баллар нисбатига кўра, яна 2 жамоа - “Идеал” ва “Ёғду” кейинги баҳсларда ярим финал беллашувларида иштирок этиш учун имкониятни сақлаб қолди.
Марказий кулги лигасининг навбатдаги ярим финал беллашувлари 2020 йилнинг январь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Келгуси ўйинда 8 жамоадан фақатгина 4 таси финал ўйинига йўлланмани қўлга киритиб, кубок учун беллашади.
Жавлон СОДИҚОВ.