Қуйи палата ишчи гуруҳи Иштихондаги реал ҳолатни ўрганмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалалар қай даражада самарали ҳал этилаётганини таҳлил этиш, тадбиркорлик субъектлари, аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, амалий кўмак бериш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклиф-мулоҳазалар олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда парламент қуйи палатасида ишчи гуруҳлар тузилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов, ЎзХДП фракцияси аъзолари Ўрол Ўразбоев Иштихон тумани аҳолиси турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганишни бошлади.

Ўрганиш жараёнида асосан учта йўналишда иш олиб борилмоқда. Биринчи навбатда, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш юзасидан берилаётган имтиёзлар ва енгилликлардан қай даражада фойдаланилаётгани ҳар бир туманда манзилли мониторинг қилинади.

Иккинчи йўналишда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигининг таъминланиш ҳолати хонадонларга бориб, аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқот асосида ўрганилади.

Учинчи йўналишда коронавирус пандемияси даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ишлари қандай йўлга қўйилгани таҳлил этилади.

Ўрганиш жараёнлари давом этади.