Қуёш панелларини ўрнатиш оила, рўзғор ёки бизнес учун қанчалик фойда беради?

Бугунги кунда юртимизда қайта тикланувчи электр манбаларидан фойдаланиш учун қатор имтиёзлар жорий қилган бўлса-да, одамларда қуёш панеллари самарадорлигига нисбатан ишончсизлик йўқ эмас. Ваҳоланки, дунё мамлакатларида қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш тобора оммалашиб боряпти.

 Улар нафақат углерод чиқиндиларини камайтиришга ёрдам бериши, балки энергия харажатларини тежаши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Кўпчилик юртдошларимиз қуёш панеллари қандай электр энергия бериши, унинг афзаллиги ҳақида тушунчага эга эмас. Шу боис, омма орасида бу борадаги саволлар жуда кўп. Қуёш панеллари фотоволтаик зарралар орқали қуёш нурини электр энергиясига айлантириш орқали ишлайди. Ушбу зарралар кремний ва шу каби материаллардан иборат бўлиб, улар қуёшдан фотонларни ўзлаштириб, электронларни чиқариб, электр токини ҳосил қилади. Битта қуёш панели ишлаб чиқарадиган энергия нисбатан кичик, лекин у бир нечта панелларни бир-бирига улаш орқали уйлар, муассаса ва корхоналарни энергия билан таъминлаши мумкин.

Қуёш панелларини ўрнатиш рўзғор ёки бизнес учун мақбул ечим эканлигини 5 та сабаб билан изоҳлашга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, харажатлар тежалади. Қуёш панелларининг энг муҳим афзалликларидан бири тежамкорлик ҳисобланади. Йил сайин қуёш панелларининг нархи пасайиб бормоқда. Бу уларни оддий истеъмолчи ҳам бемалол ўз хонадонига ўрнатиш имконияти мавжудлигини англатади. Қуёш панелларини ўрнатиш орқали анъанавий энергия манбаларига бўлган талаб камаяди. Энг муҳими, ҳар бир истеъмолчининг ўз энергия манбаи бўлади. Оиланинг энергия тўловлари учун кетадиган харажати камаяди.

Иккинчидан, экологик манфаатдорлик ошади. Қуёш энергияси иссиқхона газларини ишлаб чиқармайдиган тоза ва қайта тикланадиган энергия манбаи бўлиб, анъанавий энергия манбаларига қараганда экологик зарарсиздир. Бу шуни англатадики, қуёш панелларидан фойдаланиш орқали сиз ҳавога чиқадиган углеродни камайтиришингиз ва атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатишингиз мумкин.

Учинчидан, мулкингиз қиймати ошади. Қуёш панелларини ўрнатиш мулкнинг қиймати ошишига хизмат қилади. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қуёш панеллари ўрнатилган уйлар оддий уйларга қараганда ўртача 4,1 фоизга қимматроқ сотилади. Қуёш панелларини ўрнатиш нафақат энергия учун тўловларни тежашга ёрдам беради, балки узоқ муддатда мулкингиз қийматини ҳам оширади.

Тўртинчидан, энергия мустақиллигига эришилади. Қуёш панелларини ўрнатиш орқали энергия мустақиллигига эришиш мумкин. Бунда нархларнинг ўзгариши ва узилишларга дучор бўлган анъанавий муаммоларга барҳам берилади.

Бешинчидан, имтиёзга эга бўлиш мумкин. Қуёш панелларини ўрнатадиган уй эгалари ва корхоналар учун қатор имтиёзлар берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан қуёш панеллари ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар учун мол-мулк солиқларидан имтиёзлар яратилди. Шунинг учун давлат томонидан субсидиялар берилиши билан боғлиқ имкониятлар ҳам мавжуд.

Хулоса шуки, муқобил энергиядан фойдаланиш давр талаби. Ҳар томонлама мақбул бўлган бу тизимнинг оммалашуви давлатга ҳам, жамиятга ҳам, аҳолига ҳам фойдали бўлади. Технологик тараққиёт ва энергияга бўлган талабнинг ошиши яқин йилларда қуёш панелларини энг оммабоп муқобил энергия ишлаб чиқариш тизимига айлантираши тайин.

Ш.Мустафоев,

СамДУ Каттақўрғон филиали доценти.